Тошкент жамоат транспортида — автобус ва метрополитен йўналишларида 2020 йил январь ойидан автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилмоқда, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси.
Янги тизим бир неча босқичда амалиётга тўла жорий этилиши кўзда тутилган. Унга қадар эса шу кунгача йўловчилар фойдаланиб келган ойлик йўл чипталари ҳамда жетонлар жамоат транспортларида тўлов сифатида қабул қилиниши давом этади.
Хабар берилишича, ҳозирда автоматлаштирилган тўлов тизимидан тўғри фойдаланиш, валидаторларни ишлатиш ва бошқа масалаларга оид жиҳатлар юзасидан ҳайдовчи ва чиптачилар иштирокида қўшимча ўқув тренинглари ўтказилмоқда.
"Агар йўловчиларга хизмат кўрсатаётган транспорт ҳайдовчиси ва чиптачилари тўловни автомат тарзда қабул қилишдан бош тортса, бу ҳақда жамиятнинг 1062 ишонч телефонига хабар беришлари сўралади", — дейилади компания берган хабарда.






