Бугунги кунда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш соҳаларида мамлакатимизда ва хориждаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг илғор иш тажрибаларини ички ишлар идораларининг офицер ходимларига ўргатиш ҳамда фундаментал ва амалий илмий тадқиқот ишларини амалга ошириб келмоқда.
Айни пайтда, таълим муассасасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, ахборот-коммуникация технологиялари каби ихтисослашган кафедраларда малакали ва бой амалий тажрибага эга 40 га яқин профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда.
Янги йилнинг илк кунларида Институтнинг “Ахборот-коммуникация технологиялари” кафедраси катта ўқитувчиси Умиджон Ҳамроқулов техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун “Ишлаб чиқариш конструкторлик-технологик тайёрлашнинг интеграллашган ахборот-таҳлилий тизими” мавзусида тайёрлаган диссертация ишини Тошкент давлат техника университети қошидаги илмий кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилди.
У.Ҳамроқулов тадқиқот иши ишлаб чиқаришнинг лойиҳа конструкторлик босқичларида автоматлаштирилган лойиҳалаш тизимларидан (АЛТ) самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эгалигига, замонавий технологияларни янги дастгоҳларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига жорий қилиш билан қаторда, ушбу тизимларнинг ҳам мунтазам янгиланиб борилиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратган.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда ишлаб чиқаришнинг конструкторлик-технологик тайёрлаш босқичларини автоматлаштириш иқтисодиётнинг барча соҳалари учун долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда лойиҳалаш жараёнларининг конструкторлик ва технологик босқичларида замонавий дастурий таъминотлардан кенг фойдаланиш, мавжудларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг бутун даври учун инсон омилини камайтириш ва ресурс тежаш имконини берувчи, замонавий интеграллашган CAD/CAM/CAE ва PDM дастурий таъминотлар комплекслари базасида қурилган технологик жараёнларни бошқаришнинг интеграллашган ахборот-таҳлилий тизимларини яратиш муҳим вазифалардан биридир.
Диссертация иши доирасида яратилган “ишлаб чиқаришни конструкторлик-технологик тайёрлашнинг интерграллашган ахборот-таҳлилий тизими” дастурий мажмуаси Намангандаги “UzChasys” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасида кобальт автомашинасининг олд ва орқа ёритгичларини, Навоий вилоятидаги “O”zEraeAIternator” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасида автомобиль генератори ва компрессорларини ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этилганлиги Илмий кенгаш муҳокамасида эътироф этилди.
У.Ҳамроқулов изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва масъулиятлилиги билан Институт жамоаси орасида хурматга сазовор ходим ҳисобланади.
У мазкур таълим муассасасида ишлаётганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, Институт ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини тадбиқ этиш, инновацион педагогик услублардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш борасида ташаббус кўрсатиб келмоқда.
Айни пайтда, Умиджон Институт ва унинг 14 та филиалида масофавий таълим тизимини кенг жорий этиш, унда ўқитишнинг замонавий интерактив методларни қўллаш самарадорлигини ошириш устида ишламоқда. Бу борада ходимларнинг малакасини масофадан туриб ошириш тизимини жорий этиш мақсадида ўқув-методик комплекслар ишлаб чиқилди.
Зеро, масофавий таълим – мустақил бўлиб, у инсоннинг мустақил фикрлаш, ҳолатни баҳолаш, хулоса ва башорат қилиш қобилиятларини ривожлантиради. Масофавий таълимнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда ходим ўзига қулай вақтда ва ҳаттоки ишдан ажралмаган ҳолда билим олиши мумкин.
У. Ҳамроқуловнинг ташаббуси билан яқинда “Ички ишлар органлари ходимларини масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш механизмлари” мавзусида ўқув семинари ҳам ўтказилди.
Ўқув семинари давомида асинхрон ва синхрон интерактив таълим бериш, масофавий ўқитиш платформаларининг самарадорлиги, электрон ўқитиш материалларини шакллантириш, ўқув циклининг вазифалари ва дизайнини ишлаб чиқиш, тушуниш ва эслаб қолиш даражасини оширишга йўналтирилган технологияларни қўллаш, самарали тақдимот, шу жумладан видео тақдимотларни яратиш учун зарур бўлган методик ва дастурий таъминотни танлаш масалалари атрофлича тушунтириб берилди.
Бу борада ёш олим У.Ҳамроқуловнинг Институт таълим тизимида замонавий инновацион технологияларни қўллаш, назарий ва услубий асосларни ривожлантиришга қаратилган ишларда омадлар тилаймиз.
Ўйлаймизки, йил бошидаги дастлабки муваффақият Институт жамоаси учун эстафетали тарзда давом этади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати






