Юртимизда сўнгги уч йилда 64 минг нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўз уйида тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинди. 74 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахсга тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Шунингдек тадбирда мамлакатда илк бор ногиронларнинг ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилингани қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилиши бу йўналишда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг изчиллиги ва манзиллилигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда агентлик тизимидаги реабилитация марказларининг моддий-техника базасини кучайтириш борасида айрим ишлар амалга оширилмоқда. Тадбирда, шунингдек, юртимиздаги 107 та тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари фаолиятини ҳам такомиллаштириш, ногиронликни белгилашда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, тиббий-ижтимоий хизматлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатларда соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, ногиронликка ўтиш муддатларини қисқартиш ва соддалаштириш, айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларга текширувсиз ногиронлик белгилаш каби масалалар кўзда тутилган. Айни пайтда ушбу вазифалардан келиб чиқиб, ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, тадбирда ҳозирда ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспортида кўтаргичлар, бино ва иншоотларда пандуслар қўйилиши, бекат ва маршрутларни эшиттирувчи мослама, электрон маълумотли таблолар билан жиҳозлаш, товуш чиқарувчи светофорлар ўрнатилиши хусусида ҳам ахборот берилди.






