АсосийЖАМИЯТ

Нишонда боқувчисини йўқотган ва касалманд бўлган 850 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш йўлга қўйилди

Бугунги кунда Қашқадарё вилояти прокурорлари секторлари 201 та фуқаролар йиғини ҳудудидаги...

'Нишонда боқувчисини йўқотган ва касалманд бўлган 850 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш йўлга қўйилди'ning rasmi

Бугунги кунда Қашқадарё вилояти прокурорлари секторлари 201 та фуқаролар йиғини ҳудудидаги 161 794 та хонадонда истиқомат қилувчи 879 003 нафар фуқаронинг турмуш тарзини, оилавий шароитини, уларнинг ижтимоий муҳофазаси, уй-жой ва коммунал шароитларини яхшилаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда. 

Аниқ рақамларга  мурожаат қиладиган бўлсак, 2019 йилда прокурорлар секторлари ҳудудида яшовчи аҳоли хонадонларига уйма-уй юриш давомида аниқланган 15 679 та муаммо бартараф этилган. 

Хусусан:

* Деҳқонобод тумани “Ойдин йўл” МФЙда яшовчи фуқаро М.Мирзаева ҳамда “Аэродром” МФЙда яшовчи фуқаро О.Умбароваларнинг уй-жойлари таъмирланишига амалий ёрдам кўрсатилди;

* Ғузор туманида яшовчи 105 нафар фуқарога даволаниши учун ордер берилиши ёки чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилишига эришилди;

* Шаҳрисабз шаҳрида “Кеш” МФЙ ҳудудида 101 сотих бўш ётган ер майдонида 405 млн сўм кредит ажратилиб, 44 та иссиқхона барпо этилиши таъминланди;

* Нишон туманида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва касалманд бўлган 850 нафар фуқарога “Epsilon” қўшма корхонаси ҳомийлигида ҳар ой ва байрам арафасида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш йўлга қўйилган. 

Шу билан бир қаторда, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган 2 475 та муаммо бартараф этилган. 

Масалан:

* Миришкор тумани “Навбаҳор” МФЙ ҳудудидаги 1 та мактабгача таълим муассасаси таъмирланиб, фойдаланишга топширилди ҳамда 3 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилди;

* Деҳқонобод тумани “Ойдин йўл” МФЙдаги 1 км. йўлга қуш-шағал тукилиб, таъмирланган бўлса, 20 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаш учун 25 та бетон устун ўрнатилиб, 1 км электр симлари тортилди;

* Шаҳрисабз тумани “Янгиобод” МФЙда сел келиши оқибатида яроқсиз ҳолатга келган “Танхоз” дарёси устидан 80 метрли кўприк туман прокурори ташаббуси билан таъмирланди;

* Нишон тумани 2,2 млрд сўм маблағ эвазига 8,3 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, Гулистон” МФЙ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Шу билан бир қаторда, вилоят томонидан тақдим этилган Республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган  187 та муаммоли масалалар Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. 

Вилоятдаги прокурорлар секторларида Президент томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Миришкор тумани “Обод” ва “Янгиобод” ҚФЙларда янги кутубхоналар ташкил этилиб, 2 мингдан ортиқ китоблар билан тўлдирилиши аҳолининг китобхонликка бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. 

Яккбоғ туманида “Жайчи” МФЙда “Император” МЧЖга 350 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида спортнинг турли йўналишларига ихтисослаштирилган “Император” номли замонавий спорт зал фойдаланишга топширилди ҳамда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича “Прокурор кубоги” мусобақаси ташкил этилди. 

Шаҳрисабз шаҳар “Кеш” МФЙ ҳудудидаги “Шаҳрисабз оби ҳаёт” МЧЖга қарашли бинонинг фойдаланмасдан келаётган қисмида тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган 30 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Қолаверса, вилоятдаги прокурорлар секторларида ҳар бир ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этишга қаратилган “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси юзасидан секторлар раҳбарларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилган.

Бундай ижобий ишларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин. 

    Бошқа янгиликлар