АсосийJamiyat

Пойтахтдаги 27-мактаб директори ва ўқитувчини ишдан бўшатишни талаб қилган ота-оналар мурожаати бўйича расмий баёнот берилди

'Пойтахтдаги 27-мактаб директори ва ўқитувчини ишдан бўшатишни талаб қилган ота-оналар мурожаати бўйича расмий баёнот берилди'ning rasmi

 2019 йил, 9 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги 27-мактабнинг 9-“В” синф раҳбари таълим муассасаси ички тартиб қоидасига риоя қилмаётган 4 нафар ўқувчига аввал ҳам узун сочини калталатиш ҳақида огоҳлантирилганини эслатиб, танбеҳ берган. Сўнгра У.А исмли ўғил боланинг қизғиш сариқ рангга бўялган узун, олд кокил қисмини кесмоқчи бўлган. Ўқувчи устози қўлини куч билан қайириб, қаршилик кўрсатган. Натижада қайчи ўқитувчининг қўлида синиб, бош бармоғи қаттиқ лат еган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлими расмий баёнот берди.

2019 йил, 10 сентябрь куни ўқувчиларнинг ота-оналари мактабга шикоят билан келган. Мурожаат мактаб маъмурияти ва участка нозири томонидан муҳокама қилинган. Муҳокама давомида ўқувчиларга ҳеч қандай тан жароҳати етказилмаганлиги маълум бўлган. Аммо ўқитувчига ўқувчи томонидан етказилган тан жароҳати юзасидан участка нозирига ёзма шикоят бериши мумкинлиги айтилса-да, ўқитувчи ўзи таълим-тарбия бераётган, фарзандидек бўлиб қолган ўқувчилари устидан шикоят қилишдан бош тортган.

Юқоридаги ҳолат бўйича ўқувчиларнинг ота-онаси Президент қабулхонасига мурожаат этган. Мурожаат туман халқ таълими бўлими томонидан атрофлича ўрганилган. Ўқитувчининг хатти-ҳаракати қонунга зид бўлгани боис унга мактаб раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 182-моддасида белгиланган интизомий жазо сифатида “ҳайфсан” берилган. 2020 йилнинг 3 январидан бошлаб, ўқитувчи 9-“В” синф раҳбарлигидан озод этилган.

Шундан сўнг 2 нафар ўқувчининг ота-онаси (синфда 38 нафар ўқувчи бўлиб, улардан 36 нафарининг ота-онаси ўқитувчини олиб бораётган иш фаолиятидан мамнунлигини билдирган) туман халқ таълими бўлими ва халқ таълими вазирлигидан 34 йил педагоглик тажрибасига эга, ота-оналар томонидан ҳурматга сазовор ва бир қанча шогирдларни етиштиришда хизмат қилиб келаётган мазкур ўқитувчининг “педагоглик” фаолиятини чеклашни сўраб мурожаат этган. Мурожаатга жавобан педагог фаолиятини чеклаш халқ таълими вазирлигининг ваколатига кирмаслиги тушунтирилган.

Ушбу ҳолатдан сўнг ўқувчиларга мактаб маъмурияти ва ўқитувчи томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмаган. Аксинча, ўқувчилар дарс машғулотларидан кейин қизиқишлари бўйича спорт тўгаракларига жалб қилиниб, тадбирларда муносиб рағбатлантирилган.

Юқоридаги ҳолат бўйича 2019 йил, 18 октябрда Вояга етмаганлар ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани идоралараро комиссияси йиғилишининг қарорига асосан вояга етмаган Б.Л. нинг онаси Бороденко А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари, яъни 666900 сўм миқдорида жарима қўлланилган.

2019 йил, ноябрь ойида вояга етмаган У.А. мактаб ички тартиб қоидасига, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарорида белгиланган талабларга хос бўлмаган соч турмагида юриши бўйича Вояга етмаганлар ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани идоралараро комиссиясига мурожаат қилинган. Вояга етмаган У.А. нинг онаси Саекеева З. ўғли билан бирга комиссияга боришдан бош тортган. Бу ҳолат бир неча марта такрорланганидан сўнг 2019 йил, 29 ноябрда бўлиб ўтган Вояга етмаганлар идоралараро комиссияси йиғилишининг қарорига асосан вояга етмаган У.А. нинг онаси Саекеева З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари, яъни 223000 сўм миқдорида жарима қўлланилган. Вояга етмаган У.А. яна шундай ҳолатни такрорласа, унга нисбатан қатъий чора кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган. Аммо ҳозирги кунга қадар вояга етмаган У.А. соч турмагини ўзгартирмасдан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарорида белгиланган талабларни бажармай келмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар