Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган ҳарбий қисм шахсий таркиби учун 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги қўшалоқ байрамга айланди.
Байрам арафасида ҳарбий қисм шахсий таркиби учун янги, ҳар томонлама қулай, барча зарур шарт-шароитларга эга ўқув биноси, спорт мажмуаси ва маданият маркази қурилиб фойдаланишга топширилди.

Биноларнинг очилиш маросимида қўшинлар қўмондони, Қоракўл тумани ҳокими, Бухоро ҳарбий прокурори, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Қўшинлар қўмондони полковник Журъат Яқубов саф майдонига йиғилган шахсий таркибни тантана билан муборакбод этиб, фойдаланишга топширилаётган бинолар ҳарбий хизматчиларда жанговар руҳни юксалтириш, уларни ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол этиб тарбиялашда хизмат қилишига катта ишонч билдирди.
Шундан сўнг, меҳмонлар янги биноларни кўздан кечириб, ҳарбий хизматчилар учун яратилган қулайликларга гувоҳ бўлдилар.

Қурол-яроғ, ҳарбий техникалар намойиши, қўл жанги чиқишлари ва концерт дастури йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, тадбир давомида жанговар-хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар фахрий ёрлиқ, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти






