Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар беришича, Россия иш берувчилари 2020 йилда иш ҳақини ўртача 10 фоиз оширишни режалаштирмоқда. Бу ердаги хорижий компаниялар эса ойлик маошни 7 фоиз кўтаришга тайёрлигини маълум қилган. Бу ҳақида "Холис фикр"чи блогер ўзининг саҳифасида маълум қилди.
Албатта, бу расмий маълумот эмас. “HeadHunter” компания тадқиқотига таянилган ахборот, холос. Шундай бўлса-да, бу мигрантларимизни хурсанд қилмоқда. Уларнинг тирикчилиги Россия билан боғланиб бўлган. Ачинарлиси, мамлакатга катта инвестиция киритаётган бу азамат йигитлар қадрига кўп ҳам етавермаймиз.
Ҳаво исий бошлагач, қишлоқлар ҳувуллаб қолади. Айни кучга тўлган эр йигитлар тирикчилик, болам-чақам, деб оиласидан узоқ кетишга ҳам, қора қозонни қайнатиш илинжида оғир ва хавфли ишларга ҳам тайёр. Қаерда бўлса ҳам боши омон бўлсин!






