Туркия ва Россия Ливиядаги барча томонларни 2020 йил 12 январь соат 00:00 дан бошлаб ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ундаш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда Туркия ва Россия президентлари Раежеп Тоййиб Эрўған ва Владимир Путиннинг Истанбулдаги музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотида айтилади.
«Ҳозирги мураккаб шароитда ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларида белгиланган мақсадларни ҳисобга олган ҳолда, биз ташаббус кўрсатишга қарор қилдик ҳамда воситачилар сифатида Ливиядаги барча томонларни 2020 йил 12 январь соат 00: 00дан бошлаб, ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш учун зарур чоралар билан қўллаб-қувватланган барқарор сулҳни эълон қилишга чақирамиз. Бу эса, умумий вазиятни «ер юзида» барқарорлаштириш ва Триполи ва бошқа шаҳарларнинг кундалик ҳаётини нормаллаштириш учун қабул қилиниши керак бўлган қарордир, шунингдек, ливияликларни азоб-уқубатларига чек қўйиш ва бу мамлакатга тинчлик ва фаровонликни қайтариш учун зудлик билан музокаралар столига ўтириш керак», – дейилади коммюникеда.
Томонлар, ливияликлар мамлакатларидаги барча фуқаролар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, истисносиз, миллий мулоқот доирасида ўз ватанларининг келажаги тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилишларига ишонч билдирдилар.
Баёнотда қайд этилишича, Россия ва Туркия президентлари ўзаро ҳурмат асосида турли соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантирмоқда. “Бугун биз Истанбулда амалга ошираётган “Турк Оқими” газ қувурининг ишга туширилиши ана шундай ўзаро манфаатли муносабатларнинг яққол намунасидир. Ҳамкорлигимиз нафақат халқларимиз манфаатларига хизмат қилиши, балки минтақавий муаммоларни ҳал қилишда ҳам ҳисса қўшаётганидан мамнунмиз ”, – дейилади ҳужжатда.
Эрон
Томонлар АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликнинг кучайиши, шунингдек, Ироқ учун унинг салбий оқибатларидан чуқур хавотир билдирдилар. «Биз АҚШнинг Исломий инқилобий соқчилар корпуси “Қудс” махсус кучлари қўмондон Қосим Сулаймоний ва унинг атрофидаги одамларга қарши 2020 йил 3 январь куни амалга оширилган амалиётни, минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка путур етказадиган ҳаракат деб биламиз», дейилади қўшма баёнотда.
«Эроннинг 2020 йил 8 январда Ироқдаги коалиция ҳарбий базаларига баллистик ракета зарбаларини берганлигини, биз ҳар икки томоннинг зарбалар алмашиши ва куч ишлатиши, Яқин Шарқнинг мураккаб муаммоларига ечим топишга ёрдам бермайди ва ҳеч қандай манфаатларга жавоб бермайдиган, беқарорликнинг янги босқичига олиб келади деб ҳисоблаймиз. Биз ҳар доим чет эл аралашувига ва жамоалараро низоларга қарши турдик. Шу муносабат билан биз минтақадаги зиддиятни пасайтиришга тайёр эканлигимизни эълон қиламиз ва барча томонларни мулоҳазали, дипломатик воситаларга устунлик бериб, сабр-тоқат билан ҳаракат қилишга чақирамиз.»
Сурия
Томонлар Суриянинг суверенитети, мустақиллиги, сиёсий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
“Биз терроризмнинг барча шакл ва кўринишларига қарши курашиш ва Суриядаги бўлгинчилар (сепаратистлар) ниятларига қарши туриш борасидаги қароримизда қатъийлигимизни эътироф этамиз. Шу муносабат билан биз 2018 йил 17 сентябрдаги Меморандум ва 2019 йил 22 октябрдаги Меморандумни тўлиқ бажарилиши муҳим эканлигини тасдиқлаймиз «, дейилади ҳужжатда.
Идлиб бўйича барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш орқали, Идлибнинг дэслкация зонасида тинчлик ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.
Томонлар Остона механизми доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюциясига мувофиқ, узоқ муддатли сиёсий ечим топиш ва Конституциявий қўмитани қўллаб-қувватлашга ваъда беришди.
Барча сурияликларга инсонпарварлик ёрдамини бирор бир камситишларсиз, сиёсийлаштирмаган тарзда ва ҳеч қандай шартларсиз кўпайтириш зарурлиги таъкидланди, дея хабар берди Таржумон






