Инновацион ривожланиш вазирлиги ЎзРФА Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган маҳаллий хомашёдан импорт ўрнини босувчи фаоллаштирилган кўмир олиш технологиясини тижоратлаштириш бўйича ишлар олиб бормоқда. Бу ҳақда вазирликнинг Ахборот хизмати вакили Даракчига хабар берди.
Институтнинг “Кимёвий технология ва сирт фаол моддалар” лабораторияси мудири профессор Фарҳод Юсупов раҳбарлигида ишлаб чиқилган мазкур технология мутахассислар томонидан техник-иқтисодий таҳлил қилиниб, бизнес режа тузилди. Вазирлик томонидан ташкил этилган InnoWeek-2019 инновацион ғоялар ҳафталигида мазкур технологияни саноатга қўллаш бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 350 млн сўмлик шартнома имзоланди.
Ҳозирда турли усулда модификациядаги фаоллаштирилган кўмирлар синовдан ўтказилмоқда. Олимларимиз томонидан яратилган фаоллаштирилган кўмир Муборак газни қайта ишлаш заводида саноатга жорий этилиши тавсия этилди. Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия заводларида эса тажриба-синовлари ўтказилмоқда.
Бугунги кунда республикамиз саноати эҳтиёжлари, хусусан нефть-газ, кимё, металлургия ва озиқ-овқат саноати учун йилига 2000 тоннадан зиёд, 8 млн. АҚШ доллари қийматидаги фаоллаштирилган кўмир олиб кирилади. Бу табиий дори воситасини юртимизда ишлаб чиқариш орқали миллиардлаб сўм маблағни иқтисод қилиш, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, нефть-газ соҳаси корхоналарининг ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш имконини беради.






