1

Ватан ҳимояси — олий қадрият

ЖАМИЯТ 14.01.2020, 16:11
Ватан ҳимояси — олий қадрият

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир”, деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, келажагимиз ворисларининг камолоти йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ёшларнинг маънавий дунёқараши, билим ва тафаккурини бойитиш мақсадида барпо қилинган замонавий ўқув даргоҳлари, илму-ҳунар марказлари бугун улар иқтидорини кенг намоён этишга хизмат қилаяпти.

Пировардида истеъдодли ўғил-қизлар илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида баланд марраларни забт этиб, юртнинг эртанги тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир инсон бўлиб вояга етмоқдалар. 

Ёшлар онгида ватанпарварлик ва садоқатлилик  фазилатларини мустаҳкамлаш – давр талаби

Бугунги кунда мамлакатимизда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган устувор ғояларни ижтимоий ҳаётда қарор топтиришда ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур, садоқатли ва ҳалол этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.

Ушбу устувор вазифанинг муҳимлигидан келиб чиқиб, 
ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда. 

Хусусан, Наманган юридик коллежи ўқувчилари иштирокида ўтказилган учрашувда “Ватан тараққиётига ҳисса қўшаман” мавзуси ҳақида сўз юритилди. 

Ўтказилган тадбирларда ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланиши ҳамда жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлиши ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат каби олижаноб фазилатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, маҳаллаларда соғлом муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда ўз Ватанининг равнақи йўлида ёшлар масъулияти амалий мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда. 

– ИИВ Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан коллеж ўқувчилари билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир бизлар учун катта сабоқ бўлди, – дейди Наманган юридик коллежи ўқувчиси Олимжон Набиев. – Тадбирда юртимизда биз ёшларга яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш, тинчликни қадрига етишимиз, ушбу бебаҳо неъматни сақлашда нима ишлар қилишимиз лозимлиги тўғрисида аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Шунингдек, “Ватан ҳимояси – олий қадрият” мавзусида ўтказилган викторина биз ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, унда берилган саволлар қизиқарли бўлди. Ташкилотчиларга катта раҳмат.

– Таълим муассасамизда ўтказилган маънавий-маърифий тадбир биз ёшлар учун фойдали бўлган қизғин савол-жавобларга бой бўлди, 
– дейди  Сирдарё туманидаги саноат касб-ҳунар коллежининг ўқувчиси Фарход Хамраев. – Тадбирда айниқса, “Сиз ватанпарварлик, Ватанга хизмат қилиш деганда нимани тушунасиз?” деган саволга ўқувчиларнинг турли ёндашувлари билан баҳс-музокарага айланиб кетди. Бу тадбирни ташкил этган Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига, Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига миннатдорчилик билдириб қоламиз. 

– Коллежимизда пойтахтимиздан келган мутахассислар томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир тенгдошларим қатори, менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди Фарғона шаҳридаги юридикколлеж ўқувчиси Шукурулло Халилов. – Юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиши, уни асраб-авайлашга ҳисса қўшишда ҳар бир кишининг масъулияти, Ватан посбони ҳақида тушунчалар берилди ҳамда ўтказилган викторина орқали биз ўзимизга тегишли маълумотларни олдик. 

Ўтказилган мазкур тадбирлар доирасида ташкил этилган “Ватан ҳимояси — олий қадрият” мавзусидаги викторина иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Бу каби тадбирлар Андижон ва Тошкент вилоятларидаги таълим муассасаларида ҳам ўтказилди.

Ҳайъат аъзолари ўқувчиларнинг фаол иштироки ҳамда билимлари юзасидан ижобий фикр билдириб, юқори ўринларни эгаллаган жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди. 

Ўйлаймизки, мазкур тадбир барча ёшларни Ватанни янада севишга, шу юрт тараққиёти учун фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1