Самарқандда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида узундан узун навбатлар пайдо бўлди.
– Тўрт соатдан буён навбатим келишини кутиб ўтирибман, мендан олдин ҳали яна ўнга яқин машина бор, – дейди эрталаб газ тўлдириш шохобчасига келган ҳайдовчи.
– Кеча 5 соатда машинани тўлдириб кетган эдим, – дейди Самарқанд шаҳрида такси ҳайдайдиган фуқаро. – Бунча вақтни заправкада ўтказсак, қачон ишлаб, қачон кунлик тушумни бажарамиз, ҳайронман...

Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофидаги бир нечта автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари операторлари билан суҳбатлашганимизда газ босими пастлиги ва маълум вақтлардагина автомобилларга газ тўлдиришга рухсат берилаётганини айтишди.
“Ҳудудгаз Самарқанд” масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси О.Исакуловнинг маълум қилишича, айни пайтда Самарқанд вилояти учун ажратилаётган табиий газ асосан аҳолига етказиб берилмоқда. Бу ҳам вилоят аҳолиси эҳтиёжини тўлиқ қондирмаяпти. Лекин ҳозирда аксарият транспорт воситалари сиқилган газда ҳаракатланишини инобатга олиб, вилоятда мавжуд 85 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларини навбати билан ишлашини таъминлаш чораси кўрилмоқда.

Яқинда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан вилоятдаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида 2019 йил январь-октябрь ойлари давомида сотилган табиий газ миқдорлари шартномаларда белгиланган лимит миқдори билан ҳақиқатда олинган ҳисобварақ фактуралар ўзаро солиштирилганда 24 миллион 101 минг 102 метр куб ҳажмдаги табиий газ лимитдан ортиқча истеъмол қилингани, ушбу лимитдан ортиқча олинган ҳар бир метр куб табиий газ учун белгиланган коэффициентлар қўлланилмаганлиги натижасида жами 8 миллиард 651 миллион 258 минг сўм миқдорда тўловлар кам ҳисоблангани аниқланган.






