АсосийЖАМИЯТ

“Энди Қашқадарёни янаям кўпроқ танқид қиламиз, муаммолар ҳал бўлмагунича тинчимаймиз”

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 22 январь куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзае...

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 22 январь куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент шаҳрида илм-фан, адабиёт, ижод, журналистика, блогерлик фаолияти билан шуғулланаётган бир гуруҳ қашқадарёликлар билан учрашди. 

Шу куннинг ўзида учрашув борасида интернет тармоғида пайдо бўлган хабар ва суратлар тадбирнинг қандай руҳда ўтганини яққол ифодалаб улгурди. 

 

 

Билдирилган фикрларнинг аксариятида вилоят раҳбарининг ташаббуси ва ғоялари ижобий қарши олингани кўриниб турибди.  Хусусан, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фоал ҳисобланган блогерлар муносабатида ҳам бу ўз аксини топди.

“Бугун Қашқадарё вилояти ҳокими Тошкентда яшаб ижод қилаётган шоир, ёзувчи, журналист, блогерларни йиғиб, бир пиёла чой берди. Қизиғи, буни ҳали учрашув бошланмасиданоқ ҳамма ҳар хил талқин қилишга киришиб кетди.

Кузатишларимга кўра, бир гуруҳ вилоят раҳбарининг марҳум Нуриддин Зайниев бошлаб берган анъанани давом эттираётганини олқишламоқда. Ҳатто, бошқа вилоятлик ижодкорлар қашқадарёлик ҳамкасбларига чин дилдан ҳавас қилаётгани ҳам қулоғимга чалинди. Бошқа бир гуруҳ эса  буни журналист ва блогерларнинг оғзини мойлаб қўйиш, танқидларнинг олдини олиш йўлидаги ҳаракат сифатида талқин қилишмоқда. 

Очиғини айтаман, вилоятни танқид қилмаслик, мақташ ҳақида «намёк» бўлганиниям сезмадим. Самимий кечган учрашувда вилоят ҳокимининг одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш, бор имконият ва салоҳиятдан тўғри фойдаланиш борасидаги айтган таклифларининг аксари шахсан менга маъқул тушди. Айниқса, ёш, салоҳиятли кадрларни қайтариш. Чунки ҳозир вилоят бўйича 200 нафар чет тили ўқитувчиси, 900 нафар врачга талаб бор экан... 

Фақат нефть-газ, қишлоқ хўжалиги деявермасдан, тадбиркорликни ривожлантириш кераклиги ҳам бугунги ҳаёт талаби. Вилоятга келиб, бизнесини йўлга қўймоқчи бўлганларга ҳокимнинг ўзи кафил бўлиши ҳақида гаплари, менимча, шунчаки очко олиш учун айтилмади. Яна чекка қишлоқ жойларда кутубхона очмоқчи бўлганларга 5 миллион сўмлик китоб бериш, мактабларнинг мусиқа ўқитувчиларига 10 тадан мусиқа асбоби тарқатиш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватлашга арзийди. 

Ғулом Самадов кўпчиликнинг ичидагини айтди. Энди вилоятни янаям кўпроқ танқид қиламиз. Чекка қишлоқларда бўлиб, муаммоларни чуқурроқ ўрганамиз. Одамларни қийнаб келаётган масалалар ҳал бўлмагунича тинчимаймиз”, — дейилади “Xolis fikr”чи блогер муносабатида. 

Шунингдек, тадбирга иштирок эта олмаган блогер Bayonoff.uz ҳам фикр билдирган:

“Мен ҳам тадбирга таклиф этилгандим. Афсус, хизмат сафарида бўлганлигим боис қатнашолмадим (бошқача талқин қилишга ҳожат йўқ!). Балки эртага бўлганда яхши инсонлар дийдори учун борардим.

Суратларда яхши ва яқин инсонларни кўриб қувондим. Насиб этса бир кун вилоят ҳокими билан ҳам кўришиб қолармиз.

Ҳаммасидан баннердаги шеър ёқди. Билади қашқадарёликлар «ҳужум»га қанақа ўтишни:

Туққан хонадонин ҳар ким ёд этган,

Сен ҳам менинг учун шундай маъвосан.

Тониб қайга бордим, бобомдан ўтган,

Толеимга битган Қашқадарёсан!”

Маълумот учун: Учрашувда вилоят раҳбарининг маълум қилишича, ўз қишлоғида кутубхона қурмоқчи бўлганлар учун ҳокимлик камида 5 миллион сўмлик бадиий адабиёт етказиб беради. 

 

    Бошқа янгиликлар