1

СЧР батальонлари командирлари Нукусда йиғилди

ЖАМИЯТ 23.01.2020, 12:15
СЧР батальонлари командирлари Нукусда йиғилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимидаги барча сафарбарлик чақируви резерви батальон ҳамда взводлари командирлари иштирокида жанговар тайёргарлик машғулотларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўқув-услубий йиғин ўтказилди. Бу ҳақда округ матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу йиғин машғулотлари СЧР батальон ва взводлари командирларининг услубий малакасини ошириш, жанговар тайёргарлик фанлари бўйича малакавий тавсияларни бериш ҳамда СЧР хизматчилари билан ўтказиладиган машғулотлар сифатини юксалтиришга қаратилди. 

Ўқув-услубий йиғин машғулотларини округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев очиб берди ва бир ой муддатга келган хизматчилар билан машғулотларни сифатли ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўз тавсияларини берди. Шунингдек, кам вақт ичида ҳар бир чақирилувчи дастлабки ҳарбий кўникмаларни мукаммал ўзлаштириши ҳамда Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга ҳамиша тайёр туриши керак эканлигини таъкидлади. 

Йиғин давомида гарнизон ҳудудидаги кичик дала-ўқув майдонида тажрибали офицер ва сержантлар раҳбарлигида СЧР хизматчиларининг иштирокида бир нечта ўқув нуқталарида кўргазмали машғулотлар ташкил этилди.

Куннинг иккинчи ярмида йиғин иштирокчилари билан маданий-маърифий ишларни ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейига экскурсия уюштирилди.

Маълумот учун, СЧР хизмати 2003 йилда чақирув ёшидаги фуқаролар учун ҳарбий хизмат тури сифатида жорий этилган. «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилмаган шахслар СЧР сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган чақирилувчилар олинади ва улар махсус ҳисоб рақамга пул бадалини тўлаганларидан сўнг ойлик ҳарбий йиғинларга жалб этилади. Ойлик йиғинни ўтаб, Ватанга қасамёд қабул қилганларга ҳарбий гувоҳнома берилади.

Чақирилувчилар СЧР хизматига олинганидан кейин бир йил мобайнида бадал пулини тўлашлари талаб этилади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов тўлиқ ҳажмда бир йўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1