Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ички ва ташқи бозорларда Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ягона бренд остида тарғиб қилиш, ахборот муҳитида қулай мавқега эга бўлиш ва бу орқали инвесторлар эътиборини янада кенг жалб этиш мақсадида Қашқадарё вилояти логотипини ишлаб чиқиш мақсад қилинган, дея маълум қилмоқда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Айни шу мақсадда 6 та дизайнлаштирилган эскизлар ишлаб чиқилди. Қуйида ҳар бир намуналарнинг ғоявий маънолари ва эскизларда ишлатилган белгилар тўғрисида маълумот берилади;

Биринчи логотипни лойиҳалашда ишлатилган белгилар билан танишинг. Эскизда бир неча маъноларни ўз ичига олган белгилар ва ранглар ишлатилган👇.

Кўк-фируза ранг буюк бобомиз Амир Темур давлат байроғи учун танлаган ранглардан биридир. Бу ранг қадим замонлардан буён тинч осмон ва тоза сувнинг рамзи ҳисобланади. Шу билан бирга фируза ранг кўҳна иморатларимизда ҳам кенг қўлланилган.
Тилла ранг - бойлик ва унумдорликни, фаровонлик ва гуллаб-яшнашни англатади.
Учта узук - Амир Темур давлати байроғида акс эттирилган. Бундан ташқари бу доиралар инсониятнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги тимсоли саналади.
Иккинчи логотипда ҳам Шарқ мамлакатлари учун ўзига хос рангга айланган фируза ранг, тилла ранглар қўлланилган.

Лойиҳада қўлланган Q ҳарфига ўхшаш элемент - икки маънони англатади. Яъни биринчи маънода ноёб таъм, юқори сифатли Варганза анорлари ифодаланган бўлса, шу билан бирга Қашқадарё сўзидаги биринчи ҳарф ҳам ифодаланган.

Учинчи логотипда ҳам фируза ранг ва тилла ранг асосий ранглар сифатида қўлланган.

Логотипда энг эътиборга молик белги - энг кўҳна ва улуғвор Оқсарой иморатида айнан акс эттирилган чизманинг қўлланганлигидир.
Тўртинчи логотип иккинчи таклифни эслатиб юборади. Унда қўлланган қизил ранг эса - ҳаёт ранги ва ёқут ранги эканлиги барчамизга аён.

Бешинчи таклифда ҳам фируза ва тилла ранглар асосий ранглар этиб танлаб олинган. Логотипнинг энг муҳим жихати гилам тўқиш тасвири ифодаланганлигидир.

Олтинчи таклифда ҳам варганза анорларига урғу берилган. Шу билан бирга ўқлари марказга олиб келадиган геометрик нақш орқали Қашқадарё вилояти инновация ва ривожланиш маркази эканлиги асосий ғояга бириктирилган.

"Ҳурматли Қашқадарё аҳли фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ўз танловингизни қолдиринг", — дейилади расмий хабарда.





