1

“HUMAN”дан куйганларга пуллар қандай қайтарилиши маълум қилинди

ЖАМИЯТ 28.01.2020, 13:45
“HUMAN”дан куйганларга пуллар қандай қайтарилиши маълум қилинди

Аввал хабар қилганимиздек, кеча “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги билан боғлиқ можароларга нуқта қўйилди.

Маълумки, ушбу агентлик фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, кўплаб кишиларни алдов йўли билан ишончига кириб, пул маблағларини олиб, ўз шахсий манфаатларига ишлатиб юборган.

Буни амалга оширган шахс асли қашқадарёлик, 28 ёшли Ш.Файзуллаев бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Файзуллаевнинг жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020 йил 27 январь куни ниҳоясига етди.

Суд ҳукмига кўра, катта миқдордаги фирибгарликларни амалга оширган бу шахс ўн йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд ҳукмида Ш.Файзуллаевдан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарни ундириш белгиланди.

Ушбу хабардан кейин кўпчиликда одамларга етказилган зарар қандай қопланади, айбдор сал ўтмай қамоқдан қутилиб кетадими, деган мазмунда турли саволлар, мулоҳазалар туғилди.

Бунга Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов аниқлик киритди.

Маълум қилишларича, мазкур жиноят иши бўйича Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг депозит ҳисоб рақамида 1 миллиард 290 миллион 913 минг 279 сўм маблағ сақланмоқда. Бу пуллар жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга қаратилиб, пропорционал тарзда тақсимлаб берилади.

Шунингдек, дастлабки тергов даврида Ш.Файзуллаевга тегишли бўлган Тошкент шаҳри Сергели тумани 8-мавзесидаги 23-уйнинг 16-хонадони, Мирзо Улуғбек тумани Сайрам кўчасидаги 109/22-уй, Олмазор тумани Себзор Ц-17/18 мавзесидаги 4а-уйнинг 14-хонадони, Тошкент вилояти Зангиота тумани Алишер Навоий кўчасидаги 75-уй, давлат рақами 01 G 418 GB бўлган “Каптива” русумли автомашина хатланган.

Бу мол-мулклар ижро органлари орқали сотувга қўйилади ва сотувдан тушган пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб берилади.

Ш.Файзуллаев томонидан фаолияти даврида сотиб олинган давлат рақами 01 D 296 GB бўлган “КИА” русумли юк автомашинаси, давлат рақами 10 G 400 АА бўлган “Ласетти” русумли автомашинаси, давлат рақами 01 W 688 FB бўлган “Кобальт” русумли автомашинаси ҳам ижро органлари орқали сотувга қўйилади.

Сотувдан тушган пул маблағлари жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун уларга пропорционал тарзда тақсимлаб берилади.

Шунингдек, жабрланувчилар жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Юқоридаги ҳолат, бировнинг ҳақи ўзгага буюрмаслиги ёки халқ тили билан айтганда “тешиб чиқиши”нинг яна бир исботи бўлди.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1