1

Навоий вилоятидаги олис овулда ватанпарварлик акцияси ўтказилди

ЖАМИЯТ 28.01.2020, 18:59
Теглар: ватанпарварлик, акция
Навоий вилоятидаги олис овулда ватанпарварлик акцияси ўтказилди

Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари Навоий вилоятидаги олис Ўтемурат овулида ватанпарварлик тарғиботи акциясини ўтказишди. Бу ҳақда "Даракчи"га Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ватанпарварлик тарғиботи карвонининг навбатдаги манзили Навоий вилоятининг Томди туманига қарашли Шиели овул фуқаролар йиғинига қарашли Ўтемурат овули бўлди. 

Ушбу манзил саҳро марвариди аталмиш Зарафшон шаҳридан 200 чақирим олисда, чўл ичкарисида жойлашган.Ташқарида изғирин шамол эсиб, қор аралаш ёмғир ёғмоқда. Аммо бағри кенг ва меҳмондўст овул аҳли тарғиботчиларни илиқ қарши олди.

Тадбирнинг асосий маросимлари овулдаги 8-умумтаълим мактаби спорт залида ташкил қилинди.  Ўтемуратликларнинг олқишлари остида улар эътиборига ҳарбий оркестр томонидан ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар ҳавола этилди. Сўзга чиққан ҳарбий хизматчилар тинчлик учун курашиш лозимлигини таъкидлаб, бу йўлда ватанпарварлик туйғуси енгилмас куч бахш этишини таъкидлашди. 

Мактабда таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар Ватан ва мардлик ҳақида ёд олган шеърларини ўқидилар.  Меҳмонлар уларга турли бадиий адабиётлар жамланмасидан иборат китоблар совға қилди. 

Намойиш этилган қурол-яроғ ва ҳарбий аслаҳа-анжомлар намойиши барчада катта қизиқиш уйғотди.  

Шунингдек Мудофаа вазирлигига қарашли Зарафшон шаҳрида жойлашган Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари томонидан қўл жанги ва жанговар санъатга оид кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. 

Овул фуқаролари ва ҳарбий хизматчилар ўртасида ташкил қилинган арқон тортиш мусобақаси олқиш ва қийқириқлар остида кечди.  

Ҳарбий хизматчилар шу овулда истиқомат қилувчи қарилик гаштини сураётган донгдор чорвадор, Ўзбекистон қаҳрамони 73 ёшли Серипбай ота Сагатов билан ҳам учрашиб, нуронийнинг ҳолидан хабар олди. Дилкаш суҳбатдан сўнг отахон тинчлик ва юрт ҳимоячиларига омад тилаб дуо қилди.

Ҳарбий хизматчилар шунингдек, Ўтемуратда яшовчи ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишди. 

Ватанпарварлик тадбирлари давом этмоқда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1