1

Нукусда аскарлар имтиёзли тавсиянома олиш учун тест топширишди

ЖАМИЯТ 29.01.2020, 14:48
Нукусда аскарлар имтиёзли тавсиянома олиш учун тест топширишди

28 январь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномаларига эга бўлиш учун тест синовларини топширишди. Бу ҳақда "Darakchi.uz"га Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 июлдаги ПФ–5759-сон “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Фармони ва 2012 йил 31 майдаги ПҚ–1765-сон “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиясининг қўшма қарори қабул қилинган.

Мазкур қўшма қарорга мувофиқ, ўз ҳарбий бурчини виждонан адо этган ва ҳарбий қисм командирининг имтиёзли тавсияномасига эга бўлган йигитлар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз, шунингдек, олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш учун ушбу тавсиянома берилади.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтказилган синовлар энг сара аскарларни аниқлаш ва уларга қўшимча имтиёз шаклида тавсияномаларни бериш учун саралашнинг якуни ҳисобланади. Чунки, ҳарбий хизмат мобайнида ҳар бир аскар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликдан олган баҳолари, хизматда эришган ютуқлари ҳамда намунали ҳулқи ва вазифаларни виждонан бажараётганлиги назорат қилинади. 

Округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан мазкур тест синовларида адолат тамойилларига асосланган ҳолда шаффофликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган 8 та аудиториянинг барчасида кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, улар орқали реал вақт мезони шаклида кўрсатилаётган видеотасвирларнинг барчаси тизимга ёзиб сақланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан олинган тест синовлари давомида қоида ва қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилмади. Ҳарбий хизматчиларнинг сонини инобатга олган ҳолда тест синовлари бугун 29 январь куни ҳам давом этади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1