АсосийЖАМИЯТ

Ислом Каримов таваллуди куни: Бухорода эҳсон тадбири ўтказилди

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбе...

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди эди. У мамлакатимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган. Оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда юртимизни жадал ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган.  Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган. 

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом Каримов хотирасига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги кўчаларга Ислом Каримов номи берилди.

Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида буюк Йўлбошчимизнинг ҳайкали ўрнатилди.

Биринчи Президентимиз дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди.

Ислом Каримов таваллуди муносабати билан бугун, 30 январь куни Бухоро шаҳридаги “Мароқанд” маросимлар мажмуасида эҳсон тадбири ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Қуръон тиловат қилиниб, Ислом Каримовнинг мустақил давлат қуриш ва унинг тараққиёти йўлида амалга оширган эзгу ишлари ёдга олинди.

Шунингдек, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида Биринчи Президентимиз таваллуд кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилди.

    Бошқа янгиликлар