1

Президент академиясида таҳсил олаётган 154 нафар ҳоким Оҳангаронга ташриф буюрди

ЖАМИЯТ 01.02.2020, 16:03
Президент академиясида таҳсил олаётган 154 нафар ҳоким Оҳангаронга ташриф буюрди

Оҳангарон улкан иқтисодий салоҳияти билан Тошкент вилоятида муҳим аҳамиятга эга шаҳарча ҳисобланади. Ҳудуддаги биргина саноат зонасининг ўзида 110 дан ортиқ ишлаб чиқариш объектларининг фаолият кўрсатиши, бу корхоналарда 30 турдан зиёд маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиб, экспортга йўналтирилиши ҳам бунга яққол исбот бўла олади. Бу ҳақда Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Оҳангарон шаҳрида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида ўтган 2019 йилда 661,5 миллиард сўмлик 25 та лойиҳа ишга туширилди, натижада 1200 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Бугун бу ерда ишлаб чиқарилаётган цемент, шифер, ғишт, платмасса қувурлар, аккумулятор, тери, премикс маҳсулотларга хорижий давлатларда талаб ва қизиқиш юқори.

Тажриба алмашиш ҳар бир соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса катта бир ҳудуднинг раҳбари фаолиятида бу анъана фақат ва фақат тараққиёт гарови сифатида хизмат қилади. Бугун Оҳангарондаги бунёдкорликлар Республикадаги туман ва шаҳарларнинг Президент академиясида таҳсил олаётган 154 нафар ҳокимларини бир эзгу мақсад сари бирлаштирди, десак муболаға бўлмайди. Ҳа, бугун Оҳангаронга 154 нафар ҳоким тажриба алмашиш учун ташриф буюришди.

Ҳокимлар ўтирган автобусларнинг дастлабки манзили "QUALITY DEVICE” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона бўлди.

Туркия билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхона Оҳангарон шаҳри Саноат ҳудудида жами 3 га. ер майдонида жойлашган. 2019 йилнинг ноябрь ойида ишга тушган корхона йилига 1 млн. дона турли хил турдаги телевизорлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. 

Лойиҳа учун умумий қиймати 3 миллион доллар (шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 500 минг доллар) инвестиция киритилиши натижасида маҳаллий аҳоли учун 300 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган эди. Бироқ айни дамда бу ерда 530 дан ортиқ оҳангаронликларнинг бандлиги таъминланган. .

Ишчиларга қулайлик яратиш, чекка ҳудудлардаги аҳоли учун муаммо бўладиган транспорт масаласини енгиллаштириш мақсадида 4 дона автобус йўлга қўйилган.

Корхона телевизорларни ички бозорга чиқаришдан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Россия каби 15 дан ортиқ давлатларга экспорт қилади. Бугунги кунда бу ерда ҳошиясиз янги турдаги телевизорлар, тажриба асосида микротўлқинли печлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Меҳмонлар бу ерда бўлганларида телевизор ишлаб чиқариш жараёни, унинг ўзига хослиги билан танишишди. Мутахассислардан бу борада қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

“DAL HEAVY INDUSTRIES” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона 8,1 га ер майдонига эга. Йиллик қуввати 12 минг тонна бўлган “Кенг мақсадда фойдаланиладиган металл конструкциялар ишлаб чиқариш” лойиҳаси учун умумий қиймати 10,7 млн.доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган. 

Корхонанинг асосий таъсисчиси “DAL TEKNIK MAKINA TICARET VE SANAYI A.S” (Туркия) корхонаси ҳисобланади. 2018 йил сентябрь ойида ишга туширилган корхонада бугунги кунда 200 дан ортиқ маҳаллий аҳоли фаолият юритади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1