2019 йил 22 август куни “Militsiya Uzb” ижтимоий тармоғига “ЙПХ ходими бегона машинага ўтириб олишга ҳаққи борми” сарлавҳали видеомурожаат жойланган.
Ушбу ҳолат Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан ўрганилди.
Келтирилишича, 2019 йил 18 июль кунида Деҳқонобод тумани ҳудуди бўйлаб тунги хизматга жалб қилинган, Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 1-ЙПХ отряди 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори сафдор Алиев Жамшид Тошмуродович 19 июль куни эрталаб соат 05:08 да Деҳқонобод тумани Қарашина шаҳарчасида “Искра Видео-2” русумли тезликни ўлчаш мосламаси ёрдамида хизмат олиб бораётган вақтида “Жентра” русумли 01 Е 478 ЕВ давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси Қарашина шаҳарчасида ўрнатилган 5.22 йўл белгиси таъсир майдонида 70 километр соат тезлик чекланган жойда 82 километр соат тезликда ҳаракатланиб келаётгани аниқланган. ЙПХ ходими ушбу автомашинага тўхташ ишорасини кўрсатганида, ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабига буйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
Шундан сўнг, сафдор Ж.Алиев ўзига хизмат юзасидан бириктирилган “Жентра” русумли 70 417VSF давлат рақам белгили автомашинасида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 01 декабрь кунидаги 975-сонли қарори талабларига асосан ушбу автомашинани орқасидан кузатиб борган.
“Жентра” русумли 01 Е 478 ЕВ давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси оқасидан ЙПХ ходими хизмат автомашинасида келаётганини кўрганидан сўнг Деҳқонобод тумани Мустақиллик қўрғонига бориб тўхтаган.
Сафдор Ж.Алиев қоидабузар ҳайдовчи М.Зокировни олдига бориб, унга ўзини таништириб, содир этган қоидабузарлиги бўйича батафсил тушунча берган. ЙПХ ходими ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларни тақдим этишини сўраганида, фуқаро ЙПХ инспекторига аввал ҳам 4 маротаба “тезликка” тушганлигини айтиб, ёрдам қилишини илтимос қилган.
Сафдор Ж.Алиев ушбу ҳайдовчига ҳужжатларини тақдим қилишини, унга ўзи содир этиб келаётган қоидабузарлиги бўйича маъмурий баённома расмийлаштиришини айтганида фуқаро ЙПХ инспекторига ҳужжатларини тақдим қилмасдан жавобгарликдан қутилиш мақсадида уни қўл телефонига тасвирга ола бошлаган.
ЙПХ инспектори ушбу фуқарога “автомашина ҳужжатларни тақдим қилмасангиз машинани ёпаман”-деб автомашинанинг рулига ўтирганида орқа ўриндиқда 3 нафар вояга етмаган болалар борлигини кўрган. Уларнинг биттаси тахминан 1 ёшларда бўлган.
Фуқаро М.Зокиров эса сафдор Ж.Алиевни автомашина рулига ўтирган ҳолатни тасвирга тушириб бўлиб, ЙПХ инспекторига “агар ёрдам қилмасангиз интернетга чиқариб юбораман”-деб дуқ-пўписа қилган.
Сафдор Ж.Алиев фуқаро М.Зокировнинг гапларига эътибор қилмай, содир этган қоидабузарлиги бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрь кунидаги 370-сонли Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 78-бандида кўрсатилган қоидабузарликни, яъни Ўзбекистон Респубилкаси МЖТКнинг1283-моддасида “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши”-деб кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун UZ-19-серияли 70-073665-рақамли маъмурий баённома расмийлаштириб автомашинани жарима майдончасига қамаш мақсадида эвакуатор чақиртирган. Бироқ ушбу фуқаро автомашинанинг орқа ўриндиғида 3 нафар вояга етмаган ёш болалар борлигини маълум қилган.
Сафдор Ж.Алиев эса инсонпарварлик принципларига амал қилган ҳолда истисно тариқасида ушбу автомашинани жарима майдонига жойлаштирмасдан қўйиб юборган, дейилади Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.
Бундан кўриниб турибдики, ҳайдовчи ЙПХ томонидан унга кўрсатилган марҳаматдан хулоса чиқариб, раҳмат айтиш ўрнига шов-шув кўтариш ва ИИБ ходимларининг обрўсини тушириш мақсадида интернетга тасвирни нотўғри маълумотлар асосида тарқатиб юборган.






