Китоб туманидаги «Шут» қишлоғи аҳолиси кучли қор ёғиб, йўллар ёпилиб қолганлиги сабабли қамалда қолди. Бу ҳақда келиб тушган мурожаатга асосланиб, «Nasafnews» хабар қилди.

Маълум қилинишича, аҳоли шу кунларда катта қийинчиликларга дучор бўлиб қолган.

Ҳазрат Султон тоғларининг чўққисида жойлашган мазкур қишлоқ туман марказидан 105 км. узоқликда бўлиб, у ерда 50 хўжалик истиқомат қилади.
“8 йил коғозбозлик билан ҳеч нимага эришмадик. Шунча баландликдан қичқирсакда додимиз ҳеч кимга етмади. Интернетни ўргандим.Токи дардимни халқ овози билан ҳукумат вакилларига етказсам. Йулларимизни бир метрдан кўп қалинликда қор ёпиб, машиналар ҳаракатланишининг имкони қолмайди. Биз учун 7.5 километр бўлган дара орқали йулни очиб бериш наҳотки ҳукумат олдида муаммо бўлса.
Ҳаттоки, бир маротаба бўлса ҳам туман ФВ мутасаддилари вазиятни бориб ўрганишмади. Президент порталига бориб қилган мурожаатимизга ҳам вилоят ва Китоб туман ҳокимликлари бир парча жавоб хати билан қўйнимизни пуч ёнгоққа тўлдиришди.
Энг ачинарлиси шуки,воқеликни кўрмасдан, ўрганмай, билмай туриб, қишлоқ аҳли билан бу масалада ўз жойига бориб суҳбатлашдик, дея ёлғондан баёнот беришларига нима дейсиз?” — дейилган аҳоли мурожаатида.

Мазкур масала юзасидан Китоб туман ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, бу муаммо ҳозирда ўрганилмоқда. Бироқ, аҳолига йўл қуриб бериш учун 13, 20 млрд. сўм атрофида маблағ керак, маҳаллий бюджетдан эса бунча маблағ ажратишнинг имкони йўқ. Шу боис муаммони ечишнинг бошқа чоралари устида бош қотирилмоқда экан.
Биз ҳам ваъда қилинаётган "муаммони ечишнинг бошқа усули"дан умидвор бўлиб қоламиз.






