1

Пўлат Бобожонов Бухоро вилоятида 11 нафар ИИБ ходимини ишдан бўшатди

ЖАМИЯТ 04.02.2020, 11:08
Пўлат Бобожонов Бухоро вилоятида 11 нафар ИИБ  ходимини ишдан бўшатди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидан келиб чиқиб, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш учун тизимда ислоҳотларни давом эттиришни таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.

Бугунга қадар  давом этган Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов, вилоят ҳокими Ў.Барноев, вилоят ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, жумладан, ички ишлар, прокуратура, солиқ, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўлга қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.

Жумладан, ўтган йил давомида вилоятда содир этилган жиноятлар сони 8,5 фоизга, шу жумладан, қотиллик 31,6 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 15,9 фоизга, босқинчилик 50 фоизга, ўғирлик 28,3 фоизга, фирибгарлик 10,4 фоизга камайишига эришилган.

Муҳокамалар жараёнида жамиятда жиноятдан холи муҳит яратиш борасида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилган саъй- ҳаракатлар боис, вилоятнинг 179 та маҳалласида жиноятлар содир этилмаганлиги, 170 та маҳаллада эса, жиноятлар кўрсаткичининг камайишига эришилганлиги эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида ўтган йилда Бухоро вилоятида хотин-қизлар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасида яратилган янги тизим - “Бухоро тажрибаси” асосида, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари аъзолари, маҳалла фаоллари, аёллар билан иш олиб борувчи профилактика инспекторлари, мутахассис-психологларнинг ўзаро ҳамкорлиги ижобий самара бераётганлиги алоҳида таъкидланди.

Келгусида бу борадаги ишларни янада кучайтириш ҳамда аёллар ҳуқуқбузарлиги ва ажримларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни янада кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида вилоятда ҳимоя ордерларини юритиш, бу борада ички ишлар органлари ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро маълумотлар алмашинуви тизимини яратиш бўйича Ички ишлар вазирининг буйруғини тайёрлаш белгиланди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасидан келиб чиққан ҳолда, вилоятнинг Ғиждувон туманида аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, улар билан тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида тумандаги 4 та Ички ишлар бўлимининг ҳар бирига ички имкониятлар ҳисобидан қўшимча хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимларини жорий этиш бўйича таклиф киритилди.

Ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар таҳлилдан келиб чиққан ҳолда, вилоятда бу борада амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, “Бухоро вилоятининг ёшлар билан ишлаш” тажрибасини намуна сифатида амалга ошириш, бу жараёнларга ички ишлар органлари тизимларида хизмат қилаётган ёш ходимларни ҳам кенг жалб этиш таклиф этилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш давомида, вилоятнинг айрим ҳудудларида ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликда, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида аниқ ёндашув асосида тизимли иш олиб борилмаганлиги кескин танқид қилинди.

Хусусан, вилоятнинг 109 та маҳалласида жиноятчилик кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан ошганлиги, жиноятчилик салмоғи “Ашрафий”, “Шайҳон”, “С.Айний”, “Работиқалмоқ”, “Шарқ”, “Помўза”, “Афросиёб”, “Зарафшон” ва “Дўстлик” маҳаллаларида айниқса юқори эканлигига эътибор қаратилиб, ушбу ҳудудлар бўйича алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиш белгиланди.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, хусусан, Қоракўл туманида қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик, ўғирлик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, безорилик каби жиноятлар сони ошганлиги, Ғиждувон, Бухоро, Қоракўл, Жондор ва Пешкў туманларида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан кўпайганлиги таъкидланиб, бу борада ҳамкорликдаги комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда хизматни ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйган Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи О.Қурбонов, Бухоро вилояти ИИБ пробация бўлими бошлиғи Б.Асадов, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Гадоев, Пешкў тумани ИИБ бошлиғининиг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Салихов, Қоракўл тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Ф.Норов ҳамда 6 нафар профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бухоро вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Ж.Болтаев, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М.Мустафоев, Бухоро вилояти ИИБ 1-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Т.Абдуллаевларнинг ҳар бирига интизомий жазо чоралари берилди.

Учрашув якунида сўз олган вилоят ҳокими Ўктам Барноев йиғилишда таъкидланган камчиликлар юзасидан фикр билдириб, келгусида ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича йўл хариталарни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1