Туркия Сурия шимоли-шарқидаги Идлиб вилояти ҳудудида Сурия ҳукумати кучлари томонидан ҳужум оқибатида тўрт нафар туркиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ва тўққиз киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилди. Туркия ҳукуматининг баёнотига кўра, жавоб зарбаси билан 35 нафар суриялик аскар ўлдирилган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз мамлакати туркиялик аскарлар ўлими учун жавоб чоралари қўлланиши давом этишини маълум қилди. У дастлабки маълумотларга кўра, Туркиянинг "интенсив зарбалари" оқибатида 30-35 нафар суриялик йўқ қилинганини маълум қилган. «Биз бу ҳужумга жавоб қайтардик, артиллерия ва миномётларимиз орқали жавоб қайтаришда давом этамиз. Биз мамлакатимиз ва Идлибдаги биродарларимиз хавфсизлиги учун амалиётларни қатъийлик билан давом эттирамиз», - дея Эрдўғаннинг баёнотини келтирмоқда Рейтер агентлиги.
Раиси Эрдўған бўлган Адолат ва тараққиёт партияси вакили Умар Челик эндиликда Сурия ҳарбийлари Туркия учун қонуний нишонга айланганини маълум қилган. «Бу режим қуролли кучларимиз ва постларимизга ҳужум қилганидан кейин биз Россия уларни ҳимоя қилмаслигини кутамиз», - деган у Туркиядаги Си-эн-эн эфирида.
Сурияда туркларнинг кузатув постлари 2017 йилда Россия, Туркия ва Эрон ўртасидаги келишувга мувофиқ тузилганди.
Ўз навбатида россиялик ҳарбийлар Туркия ҳарбий хизматчилари террорчилар томон отилган ўқлар остида қолишганини билдиришган.
"2 февралдан 3 февралга ўтар кечаси турк ҳарбий бўлинмалари Россия томонини огоҳлантирмасдан Идлибнинг ичкари ҳудуди томон ҳаракатланди ва Сурия ҳукуматининг Серакаб пунктидан ғарбдаги ҳудудда жойлашган террорчиларга қарата берган зарбасига нишон бўлишди", - дейилади Сурияда урушаётган томонларни яраштириш Россия маркази баёнотида.
"Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Сурия давлат чегарасини бузиб ўтмаган, Сурия ҳарбийлари позицияларига ҳужум қайд этилмаган", - дея қайд этилган россиялик ҳарбийлар баёнотида.
Туркия Идлибдаги ҳарбийлари қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш учун келишув бўйича жойлаштирилганини билдирган.
Рейтер нашрининг хавфсизлик хизматидаги манбаси аниқлик киритишича, туркиялик ҳарбийлар Идлибдан 15 километр шарқда Серакаб тумани ҳудудида ҳалок бўлишган.
Сўнгги таянч
Идлиб провинцияси Суриядаги айирмачиларнинг сўнгги таянчи ҳисобланади. Туркия ва Сурия президенти Башар Асаднинг асосий иттифоқчиси бўлмиш Россия ўртасида 2018 йили Идлибни деэскалация зонасига айлантириш бўйича келишув тузган. Келишув шартлари бузилган.
Аввалроқ Эрдўған Россияни келишувнинг бу ҳудуддаги ҳарбий ҳаракатларни камайтириш бўйича қисмига амал қилмасликда айблаганди.
"Афсуски, Россия на Остона, на Сочи келишувларига амал қилмоқда. Биз шу вақгача кутдик, аммо энди ўз кучларимиз билан ҳаракат қилмоқчимиз. Бу таҳдид эмас, Россия режимга [Сурияга] керакли огоҳлантириш беришини кутаётганимиздир", - деган турклар президенти.
Москва жума куни бундай айбловларни инкор қилганди. "Биз ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизга содиқмиз", - деган Россия ТИВ расмийси Мария Захарова.
Якшанба куни Туркиянинг 200та зирҳли ҳарбий техникаси Сурия ҳудудига киргани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Йил бошида Сурия армияси Россия ҳамкорлигида бостириб келиши туфайли Идлибдан минглаб одамлар қоча бошлади. Тинч аҳоли вакиллари Туркия чегаралари томон ҳаракатланган.
Туркия Идлибдан янги қочқинлар оқими юзага келишидан хавфсирамоқда, айни вақтда мамлакат ҳудудидаги суриялик қочқинлар сони 3,6 миллиондан ортади.






