1

Лизинг ташкилотининг навбатдаги “ўйин”и

ЖАМИЯТ 11.02.2020, 13:20
Лизинг ташкилотининг навбатдаги “ўйин”и

“Учар“ тадбиркорлардан алданган фуқароларЎзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқлари ҳимоясида кўмак сўрамоқда. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг бўлим бошлиғи Шерали Саттаров даракчи.узга маълум қилди.

Бошланғич тўловини ёки автомобилини қайтариб олган истеъмолчилар ҳақидаги мақолаларга кўп бора дуч келгансиз. Бу сафарги автомобиль билан боғлиқ мурожаат сал бошқачароқ мазмунда.

Фуқаро З.Тиллаева яхши ниятда жамғарган маблағлари эвазига автомобиль харид қилиш мақсадида “Вобкентавтотеххизмат“ МЧЖ билан шартнома имзолаб, “Нексия 3“ автомобили учун тўловни амалга оширган эди.

Aвтомобили ўз вақтида етиб келишини интизорлик билан кута бошлаган истеъмолчи кутиб тоқати тоқ бўлди. Фуқаро Вобкент туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилади. Соҳа мутахассисларининг аралашуви билан З.Тиллаевага автомобили олиб берилди.

Яна бир ҳолат. Риштон тумани Жалаер қишлоғида яшовчи У.Мелиқўзиев “UMID SAVDO FAYZ INVEST” МЧЖ билан 4 тонналик ISUZU QR 71PL юк ташиш машинасини лизинг шартларида сотиб олиш учун шартнома имзолайди.

Шартномада кўрсатиб ўтилган 114 980 000 (бир юз ўн тўрт миллион тўққиз юз саксон минг) сўм пулни ҳам тўлаб беради. Шартномага кўра юк автомашинаси 180 кунлик муддатда етказиб берилиши белгиланади. Лекин ...

Орадан шартномада кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб бораётган бўлса-да, истеъмолчининг юк автомашинасидан дарак бўлмайди. У ўз кучи билан шартноманинг иккинчи тарафига мажбуриятларини тўлиқ адо қилишини тушунтиришга уриниб кўради, лекин бундан натижа чиқара олмайди. Шундан сўнг у Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилиб, юзага келган ҳолат юзасидан амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.

Истеъмолчининг мурожаати шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларига мурожаат қилиниб, истеъмолчининг қонуний талабларини қондириш, акс ҳолда масала юзасидан судга мурожаат қилиниши билдирилди. Лекин лизинг ташкилоти ихтиёрий равишда истеъмолчининг қонуний талабларини қондиришни лозим топмади. Шаҳар жамияти томонидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, судга даъво аризаси киритилгач эса томонлар ўртасида келишувга эришилиб, лизинг ташкилоти томонидан 114 980 000 сўм маблағ истеъмолчининг шахсий банк пластик карточкасига тушириб берилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1