2020 йил 10 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев иштирокида нефт ва газ тизимида фаолият юритаётган ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда жамиятнинг Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида жами 48 242 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Ушбу ходимлардан 8259 нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилиб, умумий ходимлар сонининг 17,1 фоизини ташкил қилади.

Бундан ташқари 2020 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги таълим даргоҳлари, юртимиздаги ва хориждаги бошқа Олий таълим муассасалари ҳамда касб-ҳунар коллеж битирувчиларини тизимдаги корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилиш режалаштирилган.

Ушбу ёш мутахассисларни ўқув масканларини якунлаганларидан сўнг “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналарга ишга қабул қилинишлари масъул ходимлар томонидан назоратга олинган.

Меҳриддин Абдуллаев ўз нутқида Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда берилган топшириқларидан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан соҳа муаммоларини ечишда ёшларнинг ўрнига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, учрашувда ёш мутахассислар нефт ва газ соҳасидаги амалий ишлари, ўзларининг олиб бораётган илмий ишлари ва тадқиқодлари, соҳада амалга оширилиши зарур инновацион ғоялари, турли муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда ўзларининг қатор таклифларни билдиришди.






