2020 йил 11 февраль куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида “Кунлик ишчилар маркази”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Юртдошларимиз вақтинчалик бир марталик ишларга ёлланадиган ўз-ўзидан шаклланаётган жойларда зарур жамоат тартиби ва ижтимоий-маиший шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ташкил этилган аёлларга мўлжалланган “Кунлик ишчилар маркази” бу йўналишда қўйилган муҳим қадам бўлди. Олдин қишда қор-ёмғирда, ёзда куннинг иссиғида азият чеккан аёллар энди янги марказда қулай шароитларда ўз фаолиятларини давом эттириши мумкин.

Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳузурида филиал шаклида ташкил этилган мазкур шоҳобчада ишчиларни ёллаш ва уларни бир марталик иш билан таъминлаш учун барча қулайликлар мавжуд. Уларга бу борада кўрсатилаётган хизматлар давлат томонидан кафолатланади.

Кунлик ишчилар марказининг очилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири марказнинг ташкил қилиниши ва аҳамияти, унда яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирди.
Кунлик ёлланма иш фаолияти билан шуғулланувчи аёллар бу имкониятлар учун миннатдорлик билдиришди.
Бугунги кунда вилоятдан келиб ишлаётган аёллар ҳозирда уларда прописка муаммоси йўқлигини, иш берувчилар билан келишувларда ва кунлик иш ҳақларини олишда ИИБ ходимлари ва ҳуқуқшунослар бевосита кўмак беришаётганини айтишди.
Марказда касб ўрганиш, ҳуқуқий саводхонлик мавзусидаги кўргазма материаллар жойлаштирилган. Арзон ошхона ва маданий хордиқ чиқариш учун шахмат-шашка столлари, ахборот таблолари ва кутубхона ташкил қилинган.
Манзура БЕКЖОНОВА






