АсосийJamiyat

Бухорода жамоат тартибини бузган тиланчиларга чора кўрилди

'Бухорода жамоат тартибини бузган тиланчиларга чора кўрилди'ning rasmi

Ҳозирда Самарқанд, Бухоро, Хива каби кўхна шаҳарларимизга келаётган сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бормоқда. Аммо бу шаҳарларда осон даромад топиш илинжида ўзини гадой қилиб кўрсатиб, ишлаётганлардан ҳам кўп пул топаётган кимсалар ўтган-кетганнинг йўлини тўсиб бу шаҳарлар ҳуснига соя солмоқда. Юртимизда тиланчилик қилувчиларга нисбатан чора кўриш тартиби белгиланган.

Шу муносабат билан Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалар, марказий кўчалар, бозорлар ҳамда аҳоли гавжум жойларда дайди тиланчилар, қўлида ёш боласи билан садақа сўраб юрган аёлларни аниқлаш ва чора кўриш мақсадида вилоят ИИБ ППХ батальони ходимлари томонидан бир қатор чоралар амалга оширилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, ППХ батальони тасарруфидаги 80 212 VSF давлат рақамли автобус ва 80 338 VSF давлат рақамли “Дамас” автомашинасида жами 8 нафар, шунингдек, пиёда ва автопатруллик йўналишларида хизмат олиб бораётган барча ходимлар томонидан доимий равишда Бухоро шаҳри ҳудудида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмасдан, чиқинди йиғиш билан шуғулланиб, чиқиндиларни мўлжалланмаган ҳудудларда саралаш ва четга олиб чиқиш билан шуғулланадиган шахслар, маҳаллий ва бошқа ҳудудлардан келиб тиланчилик билан шуғулланувчи шахслар аниқланди.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида Бухоро шаҳар ҳудудида ўтказилган рейдлар давомида 118 нафар дайди-тиланчилар ҳамда турли хил чиқиндиларни йиғиш билан шуғулланувчи шахслар (32 та аравалар) тўхтатилиб, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1,2,3 ва 4-сонли ИИБларга олиб бориб топширилди. Улар билан Бухоро шаҳар марказидаги диққатга сазовор жойлар, тарихий обидалар, марказий кўча чоррахалари, бозорлар, ахоли гавжум жойларда мақсадсиз юришлари ва тиланчилик билан шуғулланмасликлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ички ишлар бўлимларига олиб келинган тиланчилик билан шуғулланувчиларнинг кўпчилигини вояга етмаган лўли миллатига мансуб шахслар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олган ҳолда кўпчилиги маъмурий жавобгарликка тортиш олдидан расман огоҳлантирилди. Ана шундай огоҳлантиришга амал қилмаган 14 нафар тиланчилик билан шуғулланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 188прим 3-моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида жойлашган “Корзинка” савдо мажмуаси чорраҳасидан эски “Дилкушо” бозори чорраҳасигача бўлган ҳудудда ва “Шербудин” тўйхонаси чорраҳасида алоҳида патруллик йўналишлари ташкил этилиб, улар томонидан шу каби ҳолатларни аниқлаш бўйича доимий рейдлар ўтказиб келинмоқда.

2020 йил 12 февраль куни “Телеграм” ижтимоий тармоғидаги “Потребитель Бухара плюс” каналида эълон қилинган ҳолат ППХ батальони ва Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. Фотосуратдаги вояга етмаган тиланчилар ИИБга олиб келиниб, тушунтириш-огоҳлантириш ишлари олиб борилди.

Бошқа янгиликлар