Шов-шувларга сабаб бўлган “Сарчашма” ташрифи қандай бўлган эди? Умид Нормуратов икки кунни бир лавҳага жамлади (видео)

ЖАМИЯТ 14.02.2020, 13:35
Шов-шувларга сабаб бўлган “Сарчашма” ташрифи қандай бўлган эди? Умид Нормуратов икки кунни бир лавҳага жамлади (видео)

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7-8 февраль кунлари Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоят марказидан 160 км узоқликда жойлашган, қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган Шаҳрисабз туманидаги “Сарчашма” қишлоғига ташриф буюрди.

Ушбу ташриф раҳбарларнинг доимий сайёр қабулларидан тубдан фарқ қилди. Хўш нимаси билан?

Ташрифнинг илк қадами қишлоқдаги масжидда ўтганлар номини ёд этиш ва кекса авлод вакиллари ҳолидан хабар олиш билан бошланди. Шу ерда кекса авлод вакилларидан 20 га яқин таклиф ва истаклар билдирилди. 

Электр энергияси билан боғлиқ масалалар шу куннинг ўзида ҳал этилди. 

 Вилоят ҳокими жорий йилнинг ўзида қишлоқ шифохонасини таъмирлашга 1 миллиард 200 миллион сўм ажратишини, мутаххассис врачларни жалб қилиш ва қизиқиши бўлган қишлоқ ёшларини ҳам Тиббиёт академияларида таълим олишига кўмаклашишини таъкидлади. 

Қишлоқда ягона бўлган 57-сонли мактабда “Қашқадарё вилояти раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви”да ёшлар томонидан бир қатор муаммо ва таклифлар билдирилди. 

Ёшлар томонидан билдирилган 7 та муаммо ва 21 та таклифлар юзасидан шу жойнинг ўзида манзилли режа тузилиб, ҳар бирини бартараф этиш бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар берилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 8 нафар ёшларга банклар ва “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси томонидан 112 миллион сўмлик имтиёзли кридетлар ажратиладиган бўлди.

Оилавий шароити оғирлиги сабаб енгил кийим-бош ва туфлида келган 62 нафар ўқувчиларга эртаси куни кийим-бош ва этиклар етказилди. Бу хайрли ишга вилоят раҳбарлари, халқ қабулхонаси, банк ва вилоят ташкилоти раҳбарлари ўз ҳиссасини қўшишди.

Кун кеч бўлишига қарамасдан раҳбарлар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда қишлоқдаги кам таъминланган, кекса ва бемор бўлган 55 нафар аҳолига ун, ёғ, гуруч, шакар, макарон ва иссиқ чойшаблар тарқатиб чиқишди. Уларга тиббиёт ходимлари ҳам ҳамроҳ бўлишиб, тиббий хизматлар ҳам кўрсатилди.

Кечки вақт мактаб ҳовлисида байрам дастурхони тузалиб, сумалак, халим ва ош каби ўнлаб миллий таомлар қишлоқ аҳолисига улашилди. Вилоят Маданият бошқармаси хонандалари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби ва “Барон” фильми бош рол ижрочиси Исоқ Тўраевлардан маданий дастурлар ташкил этилди, “Ўтган кунлар” фильмининг янги таҳрири катта экран орқали аҳолига намойиш этилди. 

Қишлоқнинг кексалари таклифига биноан 17-00да тугаши керак бўлган байрам тантаналари тунги соат 22-00 га қадар гулхан атрофидаги ўйин-кулгулар билан давом этди. 

Беш муҳим ташаббус бўйича Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган танловда ғолиб бўлган ёшларнинг 15 нафари фахрий ёрлиқ ва китоблар тўплами билан тақдирланди.

Вилоят ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳдан ташкил топган 50 нафарлик жамоа тоғли қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини ўз кўзлари билан кўриш ва ҳис этиш мақсадида ўнлаб хонадонларга бўлинган ҳолда бир кеча тунаб қолишди.

Эртасига эрта тонгдан миллий мусиқа садолари остида бошланган никоҳ тўйда ҳам иштирок этилиб, тўй эгалари ва келин-куёвларга уй-рўзғор буюмлари ва кийим-бошлар совға қилинди.

Ёшларнинг таклифи билан мактабга 30 дона мусиқа асбоблари совға қилиниб, “Санъат тўгараги” фаолияти йўлга қўйилди. Бу лойиҳа беш муҳим ташаббусни юқори савияда ташкил этилишига ва қишлоқ ёшларининг ўқишдан ташқари касб-ҳунарли бўлишларига ҳам катта хизмат қилади.

Шундан сўнг, бир кун аввал вилоят ҳокимига қишлоқда кутубхона очиш ва уни ўзбек, рус ва тожик тилларидаги бадиий китоблар билан бойитиш таклифи билан тайёрланган махсус кутубхона манзилга етиб келди. Халқ кутубхонаси қишлоқ аҳли билан биргаликда тантанали равишда очилди. Кутубхонада 2000 га яқин ўзбек, рус ва тожик тилларига таржима қилинган дунёнинг дурдона асарлари жой олди. 

Учрашув якунида сектор раҳбарлари ва ишчи гуруҳга билдирилган 100 га яқин муаммо ва таклифлар юзасидан қисқа муддатда “Сарчашма” қишлоғи учун алоҳида вилоят ҳокими дастури ишлаб чиқилишига келишиб олинди.

Қуйида клипмейкер Умид Нормуратов томонидан тайёрланган мазкур ташрифни ўз ичига олган лавҳалар оқали янаям тўлиқроқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1