АсосийJamiyat

Миллий гвардия тунги хизмат вақтида иккита оилада юз бериши мумкин бўлган мудҳиш ҳолатнинг олдини олди

'Миллий гвардия тунги хизмат вақтида иккита оилада юз бериши мумкин бўлган мудҳиш ҳолатнинг олдини олди'ning rasmi

Жорий йилнинг 14 февраль куни тунги соат 23:00 ларда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, ушбу туманнинг «Шодлик» маҳалласида оилавий жанжал бўлаётганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу ҳудудда жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ва Ички ишлар ходимидан иборат пост-патруль экипажига хабар етказилган. Улар зудлик билан воқеа жойига етиб борганларида эр-хотиннинг оилавий жанжалига ва эрнинг маст ҳолатда икки қўлига пичоқ ушлаган ҳолатига гувоҳ бўлишади. Ёрдамга етиб борган экипаж ходимларига ҳам ташланган маст ҳолатдаги тартиббузарнинг қўлидаги пичоқларни Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси тезкорлик билан олиб қўйиб, унинг қўлига кишан таққан. Шундан сўнг фуқаро 8-сонли ИИБга олиб бориб топширилган.

Ушбу ҳолат бўйича олиб борилган суриштирув ишлари натижасида юқоридаги манзилда яшовчи фуқаро, «Абу Сахий» савдо мажмуасида сотувчи бўлиб ишлайдиган, 1995 йилда туғилган А.Б. эканлиги маълум бўлган. Ҳозирда ИИБ ва прокуратура ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Тошкент шаҳри Чилонзор туманида ҳам оилавий жанжал сабабли тунги соат 1:00 ларда «Матиз» русумли автомобиль ичида эркак киши ўзини ёқиб юбормоқчи бўлгани ҳолатини ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ва Ички ишлар ходимлари бартараф этган. Улар томонидан автомашина ичидаги олов тезкорлик билан ўчирилиб, чақирилган «Тез тиббий ёрдам» етиб келгунга қадар жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатилган эди.

Ушбу ҳолат ҳам мастлик оқибатида келиб чиққан бўлиб, 48 ёшли фуқаро С.И. бугунги кунда психологлар назорати остида даволанмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар