Ғиждувон туманидаги “Деҳқон бозори”да фуқаролар томонидан бозорларда гўшт, сут ва улардан тайёрланган маҳсулотлар билан савдо қилишда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш мақсадида тадбир ўтказилди.
Унда Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган фуқаро Ш.А. 4 нафар аёлларни ёллаб, уй шароитида қўл бола усулда сотиш мақсадида тайёрланган 42 дона бир литрли банкада сариёғ маҳсулотини ҳеч қандай ветеринария ҳужжатларисиз сотаётганликлари аниқланган.
Ушбу маҳсулотдан намуна олиниб текширилганда, унинг истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган. Шу сабабли олинган сариёғ маҳсулотлари ветеринария мутахассислари томонидан тегишли тартибда йўқ қилинган.
Шунингдек, Ғиждувон тумани "Сармижон" ЙПХ масканида ўтказилган тадбирлар давомида 13 февралга ўтар кечаси 01:30ларда “Бухоро-Навоий” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган М.А. и “Эпика” автомашинанинг юкхонаси текширилганда, жами 124 кг оғирликдаги йирик шохли мол гўштини ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кетаётганлиги аниқланган.

Ғиждувон туман Ветеринария лабораториясининг 13 февраль кунидаги хулосасига кўра ушбу гўшт маҳсулоти истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддасига (Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.






