Олий таълим муассасаларида таълим олаётган иқтидорли талабаларнинг илм-фан ва ижодкорликка бўлган интилишларини рағбатлантириш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Бухоро вилоятида "Вилоят ҳокими стипендияси" жорий этилди.
"Вилоят ҳокими стипендияси"га муносиблар танлов орқали сараланади. Ушбу танловда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган Бухоро вилоятидаги олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиётган охирги икки курс талабалари иштирок этиши мумкин.
Мазкур танлов 2 босқичда ўтказилиб, 1-босқичда ҳужжатлар 10-22 февраль кунлари қабул қилинади. 2020 йилнинг 25 февраль кунига қадар олий таълим босқичи ташкил этилиб, ғолиб талабаларнинг ҳужжатлари вилоят комиссиясига тақдим этилади.
Танловнинг 2-босқичи 26-27 февраль кунлари ўтказилади. Унда экспертлар гуруҳи танловнинг 13 нафар ғолибларини аниқлайди.
Танловнинг вилоят босқичи ғолиблари “Вилоят ҳокими стипендияси совриндори” гувоҳномаси ва ҳар ойда бир миллион сўмдан қўшимча стипендияни қўлга киритади.
Танлов ҳақидаги қўшимча маълумотларни вилоятдаги олий таълим муассасалари ўқув бўлимларидан ёки Бухоро вилояти ҳокимиятининг (65)2230559 рақами орқали олишингиз мумкин.






