АсосийJamiyat

Қонунга зид бўлган суд ҳукми устидан бирга протест киритамиз

'Қонунга зид бўлган суд ҳукми устидан бирга протест киритамиз'ning rasmi

ШУНИНГДЕК, МАНСАБДОР ШАХСНИНГ НОҚОНУНИЙ ҚАРОРИГА НИСБАТАН ҲАМ... 

    Оқлов ҳукми чиқарилишига эришиш, унга қадар бўладиган жараёнлар ҳақида батафсил маълумот бериб борамиз. Шундан сўнг таҳририятимизга ноқонуний ҳукм юзасидан прокурорнинг протест киритиш ҳуқуқи, тартиблари, муддатлари ҳақида маълумот беришимизни сўраб мурожаатлар бўла бошлади. Муштарийларнинг илтимосларини инобатга олган ҳолда прокурорнинг судга ариза билан мурожаат қилиши ва муддати, ҳуқуқий ҳужжатни ҳаракатдан тўхтатиш, протест киритиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳақидаги саволларга ушбу саҳифадан жавоб топамиз...

Саҳифа мутахассиси бош прокуратура бўлим прокурори Шерали МАХМУДОВ:

— Прокурорнинг протест киритиш ҳуқуқи“Прокуратура тўғрисида”ги қонун, Жиноят, Иқтисодий ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларида келтириб ўтилган.

“Прокуратура тўғрисида” тўғрисидаги қонуннинг 38-моддасига асосан, қонунга зид бўлган ҳужжатга нисбатан протестни прокурор ана шу ҳужжатни қабул қилган органга ёки юқори турувчи органга юборади. Мансабдор шахснинг ноқонуний қарорига нисбатан ҳам худди шундай тартибда протест келтирилади.

Протест келиб тушган вақтдан бошлаб, 10 кунлик муддатдан кечиктирмай кўриб чиқилиши шарт. Қонунбузарликни дарҳол бартараф этиш талаб қилинган алоҳида ҳолларда прокурор протестни кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатини белгилашга ҳақли. Протестни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида 3 кунлик муддат ичида прокурорга ёзма равишда маълум қилинади.

Протест коллегиал орган томонидан кўриб чиқиладиган ҳолларда мажлис куни ҳақида прокурорга маълум қилинади ва у мажлисда иштирок этишга ҳақлидир.

РАД ЭТИЛСА ЁКИ КЎРИШ КЕЧИКТИРИЛСА НИМА БЎЛАДИ?

  • Протест шу ҳужжатни қабул қилган орган (мансабдор шахс) ёки юқори турувчи орган (мансабдор шахс) томонидан рад этилганда, шунингдек протест қонунда белгиланган муддат ичида кўриб чиқилмаган тақдирда, прокурор ана шу ҳужжатни ғайриқонуний деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли. Судга ариза протест рад этилганлиги тўғрисидаги хабар олинган пайтдан бошлаб ёки протестни кўриб чиқиш учун қонунда белгиланган муддат ўтганидан кейин 1 ойлик муддат ичида берилиши мумкин.

Прокурор томонидан судга ариза берилиши протест келтирилган ҳужжатнинг амал қилишини ариза судда кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб қўяди.

ЖПКнинг 497(2)-моддасига асосан прокурор ва унинг ўринбосари суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукми устидан протест билдиришга ҳақлидир.

АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА ПРОТЕСТ КИРИТИШ УЧУН

— ЖПКнинг 497(3)-моддасида прокурор томонидан ҳукмлар устидан апелляция тартибида протест билдириш тартиби келтириб ўтилган бўлиб, унга кўра:

1. Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан — Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судига, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига;

2. Ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан —Ҳарбий судга апелляция тартибида протест билдириш мумкин.

Олий суднинг, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукмлари устидан берилган апелляция протестлари айни шу судларнинг ўзи томонидан кўриб чиқилади.

Апелляция протестлари ҳукм чиқарган суд орқали берилади. 

МУДДАТИ ҚАНЧА?

  • ЖПКнинг 497(4)-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 10 сутка ичида берилиши мумкин.

ҚОНУНИЙ КУЧГА КИРГАН ҲУКМГА ПРОТЕСТ...

  • ЖПКнинг 498-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар қонуний кучга кирган ҳукм ва ажрим (қарор) устидан, агар иш апелляция тартибида кўрилган бўлмаса, кассация тартибида протест билдиришга ҳақлидир.

 

КАССАЦИЯ ПРОТЕСТЛАРИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ-ЧИ?

— ЖПКнинг 498-моддасида кассация протестларини бериш тартиби келтириб ўтилган бўлиб, унга кўра: 

1. Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан — Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судига, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига;

2. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан — шу судларнинг судлов ҳайъатларига;

3. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан — шу суднинг судлов ҳайъатига;

4. Ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан — Ҳарбий судга, Ҳарбий суднинг қонуний кучга кирган ҳукмлари устидан эса шу суднинг судлов ҳайъатига кассация тартибида протест келтирилиши мумкин.

Кассация протестлари ҳукм чиқарган суд орқали берилади. 

ЖПКнинг 500-моддасига асосан, кассация протестида оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар назарда тутилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёки ажримини (қарорини), шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёхуд ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини (қарорини) кассация тартибида қайта кўриб чиқишга улар қонуний кучга кирганидан кейин 1 йил мобайнидагина йўл қўйилади.

ЖПКнинг 511-моддасига асосон, Бош прокурор барча инстанция судларининг ҳукмлари ва ажримлари (қарорлари) устидан протест билдиришга, Бош прокурорининг ўринбосарлари эса, Олий суд Раёсати қарорларидан ташқари, барча инстанция судларининг ҳукмлари ва ажримлари (қарорлари) устидан протест билдиришга ҳақлидир.

ЖПКнинг 513-моддасига асосон, назорат тартибида берилган протестда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар назарда тутилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёки ажримини (қарорини), шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёхуд ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини (қарорини) назорат тартибида қайта кўриб чиқишга улар қонуний кучга киргандан кейин 1 йил мобайнидагина йўл қўйилади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар