Жорий йилнинг 16 феврал куни соат 04:15да “Қамчиқ” довонидан ўтган автомобиль йўлининг 249 км. қисмида “Тошкент-Водий” йўналишида ҳаракатланган “МAН” русумли юк машинаси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига ўтиб, ағдарилиб кетган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Йўл-траспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи У.A.нинг ўнг оёқ қисми қисилиб қолган.
Мазкур ҳодиса юзасидан навбатчи кичик сержант Й.Махметов бошчилигидаги қутқарув гуруҳи зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, махсус асбоб-анжомлар ёрдамида жароҳатланган фуқарони чиқариб олишган. Қутқарувчилар томонидан биринчи тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилиб, “Резак” тез тиббий ёрдам ходимлари орқали Поп туман марказий шифохонасига олиб борилган. Ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчининг ҳаёти сақлаб қолинди.
Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатини бартараф этиш ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида, “Қамчиқ” довонидаги Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фуқаро муҳофазаси хизматларидан 18 нафар ходимлар, 5 та махсус техникалар жалб этилди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, юк ташиш фаолияти билан шуғилланувчи уюшма ва корхоналар томонидан ҳайдовчиларга ташкилий-техник шарт-шароитларни яратишини ҳамда довон орқали ҳаракат хавфсизлги бўйича қўшимча инструктив-машғулотларни ўтказишни тавсия этамиз, дейилади хабарда.






