Бугун, 18 февраль куни Тошкентда «Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш» мавзусида халқаро конференция иш бошлади. Тадбир Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Конференцияни Сенат Раиси Танзила Нарбаева очиб берди.

У ўз сўзида давлатимизнинг барча идоралари халқимиз билан биргаликда ҳар томонлама фуқаролик жамиятига эга «Янги Ўзбекистон»ни шакллантиришда сезиларли амалий ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Бугунги ислоҳотларда сенатор ва депутатларнинг халқ вакиллари сифатида янада ташаббускор бўлиши кераклигини айтди.
«Сенаторларнинг халқ билан мулоқот олиб боришида бевосита барча маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликда ишлаш йўлга қўйилди. Сенаторларнинг 6570 нафар маҳаллий Кенгашлар депутати билан ҳамжиҳатликда ишлаш тизимини йўлга қўйиш йўлида ўқишлар ташкил қилинди. Мақсад - жойлардаги депутатларнинг фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг депутатлик назоратини шакллантириш», - деди Т.Нарбаева.
Халқаро анжуман давом этмоқда.






