АсосийЖАМИЯТ

Олий суд раиси: “Боланинг руҳий шикастланиш даражасини имкон қадар камайтириш лозим”

Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва ЮНИСЕФ илк бор судда...

'Олий суд раиси: “Боланинг руҳий шикастланиш даражасини имкон қадар камайтириш лозим”'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва ЮНИСЕФ илк бор судда ишлар кўрилаётган вақтда жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болаларга дўстона муҳитли хонани ташкил этдилар. У бугун, 18 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Козимжон Комилов, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн бошчилигида Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида фойдланиш учун топширилди...

Козимжон КОМИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси: 

— Суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистонда жабрланувчи ва жиноят гувоҳи бўлган болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини янада кучайтириш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, илғор халқаро тажрибага мувофиқдир.

Бугун Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болалар учун ташкил этилган дўстона муҳитли хона назарингизда кичикдек кўриниши мумкин, бироқ унинг моҳияти жуда катта. Ҳаёт бор экан, жиноят содир бўлар экан афсус... Лекин баъзи ҳолатларда ёш болалар жиноятларда жабрланувчи ёки гувоҳ бўлиб қолиши мумкин. Жиноят содир бўлган кундан боланинг руҳияти шикастланиши табиий. 

Уни соғлом руҳиятли ҳаётга қайтаришда, яна жамиятга қўшилиши нуқтаи назаридан терговдан то суд тизимигача махсус хонанлар ташкил қилинди. 

Терговдан бошлаб, суд жараёнигача бола ички ҳотиржамликни сақлаши даркор. Бу жараёнда боланинг руҳиятига салбий таъсир ўтказмаслик учун у фақатгина судья билан мулоқотда бўлиши лозим. 

Унутмаслик лозим, бола улғайиб жамиятда ўз ўрнини топиши керак. Шу боис унинг руҳий шикастланиш даражасини имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилиниши лозим. Бу тизим биз учун ҳам янгилик, унинг чуқур аҳамиятини инобатга олишимиз керак. 

ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукумати билан қонун устуворлигини, хусусан болаларга нисбатан одил судловни мустаҳкамлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилади. Биз қонун билан алоқада бўлган болалар билан ишлайдиган судьялар касбини ихтисослаштиришни тарғиб этамиз. Шунингдек, жабрланувчи ва жиноят гувоҳи бўлган болаларни сўроқ қилиш бўйича кўрсатмаларни ишлаб чиқмоқдамиз. 

2019 йилда 17 та суд очилган бўлса, борчасида болалар хонаси бор. Уларни жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болалар учун дўстона муҳитли хонага мослаштириш мумкин.

 Шунингдек, Тошкент шаҳридаги барча судьяларни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига олиб келиб махсус хона билан таништирамиз. Судьяларни болалар билан мулоқотга тайёрлаш учун албатта рухшуносларни чақириб, судьялар учун тренинглар ўтказамиз. 

Рухшунос судьялар орасидан болалар билан уларга хос тарзда мулоқот қила оладиган судьяларни саралаб бериши лозим. Судьянинг исталган кайфияти болага ўтмаслиги керак. Тренингда қатнашган судьялар кейин вилоятдаги судьяларга тренинг ўтади. Айтиш жоиз, судья нафақат биринчи даражали ҳуқуқшунос, балки рухшунос ҳам бўлиши керак. Очиғи, рухшуносларнинг ўзи кам. Судьялар ҳали рухшунослар билан ишлагани йўқ, буни ҳам тан олиш керак. 

Олий Мажлисга электрон мурожаатлар бўйича қонун лойиҳасини киритганмиз. Унга ҳатто аудио ва видеодан фойдаланишни ҳам киритганмиз. Қонунга киритилди, дегани “у эртадан ишлаб кетади”, дегани эмас-да. Унинг нафақат моддий, балки техник томонлари ҳам бор. Техника-да, тугмаси нотўғри босилиб қолса, ёзмай қолиши мумкин. Бир нечта судларда тажриба тариқасида аудио ва видеодан фойдаланяпмиз. Мазкур тизимни 1 июлдан ишга туширамиз. Бу суддаги адолат поғонасини жуда юқори даражага кўтаради. 

Таъкидлаш жоиз, судларда видеоконференцалоқани бежиз ташкил этмаганмиз. Олий судда ҳар ойда 300дан ортиқ иш кўрилади. Шундан 60-70 фоиз суд ишларида тарафлар вилоятдан келмаяпти. Боиси фуқароларимиз видеоконференцалоқага ўрганди, муҳими ишонди. Айтмоқчи бўлганим, 1994 йилда қабул қилинган ЖПКни янги таҳрирдан чиқаришда катта ва оғир иш олиб бориляпти. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн таклифига кўра, янги таҳрирдаги ЖПКга болалар билан бўлган видеосуҳбатни қўшишни ҳам инобатга олишга ҳаракат қиламиз. 

Муҳими судда ягона тамойил бўлиши лозим: жиноят жазосиз қолмаслиги ва айбсиз одам судланмаслиги керак.   

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар