Бугун Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова нутқ сўзлаб, аёлларнинг саводхонлиги ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни ўсиб бораётганини таъкидлади.
Элмира Боситхонова, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
— Тўғриси, олий таълим олишда йигитларимизга берилган имкониятларга доим ҳавасимиз келарди, ҳарбий хизматдан кейин улар учун ўқишга киришга имтиёзлар бор эди, лекин қизларда Зулфия номидаги мукофот совриндори бўлгандан кейин бериладиган бошқа имтиёз йўқ эди. У ҳам йилига 14 нафар, қизга бериларди, охирги уч йил давомида 28 нафарига берилмоқда.
Ўтган йилги статистик маълумотларга кўра, олий таълим соҳасида талаба қизларнинг сони ошган. Уларнинг улуши 40 фоизни ташкил этди. 2011 йил, яъни деярли 9 йилдаги кўрсаткич билан таққослаганда, атиги 4 фоизга кўпайган. Хотин-қизларнинг саводхонлик даражаси эса қаранг, қандай зўр рақам, 99 фоизни, яъни дунёдаги энг юқори кўрсатгичлардан бирини ташкил этган. Айни вақтда ўрта махсус таълимини олган хотин-қизларнинг фақат 35 фоизи, олий маълумотли аёлларнинг 68 фоизи ишлайди. Биламизки, олий таълим олиш имкониятларининг кенгайтирилиши аёллар орасида иш билан таъминланганлик даражасини оширади.

Элмира Боситхонова нутқи давомида аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини ошириш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини айтиб ўтди.
— Биз сиёсат ва ҳукуматда ҳам аёллар сонини оширишга чақиришдан тўхтамаслигимиз керак. Чунки аёлларнинг олий маълумот олишининг ўзи етарли эмас. Аёл ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол бўлиб намуна кўрсатсагина, мамлакатимизда илм олишга қизиқадиган қизларимиз сони кўпаяди.
Шунингдек, Боситхонова ўз нутқи давомида қизларнинг турли қизиқишлари бўйича ассоциациялар тузиш кераклиги таклифини берди.
— Қизларнинг профессионал фаолият соҳасини танлашини таҳлил қилиш, аниқланган муоммоларни бартараф этиш, аёлларнинг, айниқса, ёш қизларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш учун улар қизиқишининг турли йўналишлари бўйича ассоциациялар ташкил этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқсак ҳам бўлади, деб ўйлайман, - деди қўмита раиси..
Хабар берилишича, оғир шароитдаги аёлларга ёрдам кўрсатиш бўйича давлат раҳбари томонидан топшириқлар берилган, жумладан, 2020 йилда 5,5 минг хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳаларига 100 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилиши, мингдан зиёд аёлларнинг янги уй-жойга эга бўлишида бошланғич бадал тўлаб берилиши мумкин. Шу мақсадларда бугун Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Бизнес омбудсман ўртасида меморандум имзоланган.






