Кеча, 19 февраль куни ижтимоий тармоқда “Аёл прокуратура олдида ўзини ёқди. Уни қутқармоқчи бўлган отаси куйди” сарлавҳали мақола чоп этилди. Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов томонидан “darakchi.uz”га тақдим этилди.
Аниқланишича, куйганлиги эътироф этилаётган фуқаро О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари Қашқадарё вилояти Косон туманидаги “Т.Ш. Инвест” МЧЖга қарашли ер майдонининг бир қисмини бирон-бир ҳужжатсиз эгаллаб, ноқонуний қурилиш амалга оширишган.
Даъвогар “Т.Ш. Инвест” МЧЖ раиси С.Б. жавобгар О.Мустафоевни оила аъзолари билан жамиятга қарашли ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмаларни жавобгарлар ҳисобидан буздириш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилган.
Фуқаро О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари суд томонидан қонуний қарор қабул қилинишини кутмасдан ушбу ҳолат бўйича вилоят прокуратурасига мурожаат қилишган.
Вилоят прокуратураси томонидан О.Мустафоевга иш фуқаролик суддида ҳал этилаётгани, барча важларига суд муҳокамаси жараёнида баҳо берилиши ҳақида қонуний тушунтиришлар берилган.
Бундан ташқари, 2020 йил 18 февраль куни ҳам О.Мустафоев оила аъзолари билан бирга вилоят прокуратурасида Косон тумани ҳокими иштирокида қабул қилинганда қурилишга 20 млн. сўм сарфланганлигини иддао қилишган. Туман ҳокими томонидан уларга қурилиш ноқонунийлиги ва бузилишини, аммо келгусида қонуний ер участкаси ажратилиши ва қурилишга ҳомийлик ёрдами кўрсатилиши тушунтирилган бўлсада, бу таклифни рад этишган.
Шундан кейин, О.Мустафоев ва унинг оила аъзолари, низоли уйда 2020 йил 19 февраль куни эрталаб фуқаролик ишлари бўйича судъя, эксперт ва мутахассислар томонидан ўлчов ишлари амалга оширилаётганлигидан норози бўлиб, вилоят прокуратурасига соат 10.30 ларда келиб, ишни ўз фойдасига ҳал этиш мақсадини кўзлаб, вилоят прокуратураси биноси яқинида устига қисман ёқилғи сепиб, провакацион ҳаракатлар содир этишган.
РШТЁИМ вилоят филиалининг 19.02.2020 йилдаги маълумотномасига кўра, фуқаро О.Мустафоевнинг елка ва бўйин соҳасида 5-6 фоиз енгил куйиш жароҳати аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






