2019 йилнинг ноябрь ойида ижтимоий тармоқларда “Аёл 3 нафар фарзанди билан аввал молхонага жойлаштирилди кейин кўчага ҳайдаб чиқарилди” сарлавҳаси остидаги мурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ушбу мурожаат юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалган кундан бошлаб, Андижон вилоят ҳокимлиги ва Марҳамат тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари, туман прокуратураси ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда оилани муросага келтириш юзасидан қилган ҳаракатлари алал оқибат бесамар қолмади.
Бугун ушбу ҳаракатлар самараси ўлароқ Марҳамат тумани Бобохуросон МФЙ Тош йўли кўчаси 178-уйда яшовчи 1980 йилда туғилган Сайдорипов Илхомжон Шокиржонович ва Марҳамат тумани Бозорбоши МФЙ Катта кўча кўчаси 65-уйда яшовчи 1983 йилда туғилган Сайдорипова Мунисхон Сайидмуродхоновналар ўртасида келишув битими тузилиб, ўзаро муросага келтирилди. Мажбурий ижро бюроси Марҳамат туман бўлими 3-даражали юристи И.Парпиев ҳамда икки томон ва уларнинг яқин қариндошлари иштирокида келишув битими имзоланди.

Келишув битимида Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судининг 2018 йил 19 сентябрдаги 2-1702-1810/3819-сонли ва 2019 йил 4 июндаги 2-1702-1910/6546-сонли ижро варақасига асосан қарздор Сайдорипов Илхомжон ҳисобидан ундирувчи Сайдорипова Мунисхон фойдасига уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш кўрсатилган эди.

Мутасаддилар гувоҳлигида қарздор Сайдорипов Илхомжон туман марказидаги кўп қаватли уйлардан уч хонали хонадон сотиб олиш учун етарли бўлган 59 млн. сўм миқдордаги маблағни Сайидорипова Мунисхонга топширди. Сайидорипова Мунисхон ҳам ўз ўрнида фарзандларининг то вояга етгунларига қадар тўланадиган алимент пулларидан воз кечди.
Ундирувчи Сайдорипова Мунисхон мазкур ижро ҳужжатини ижроси амалда тамомланган деб ҳисоблади.

Келгусида ушбу ижро ҳужжатлари бўйича қайта даъво қилмайди.
И.Сайдориповга қўйилган таъқиқни олиб ташланишига розилиги, И.Сайдорипов истиқомат қилиб келаётган Марҳамат тумани Бобохуросон МФЙ Тош йўли кўчасидаги 178-уйга келмаслиги ва ушбу хонадон аъзоларини бошқа безовта қилмаслигини, амалдаги қонунчиликка асосан юқорида кўрсатилган барча келишувлар амалда ҳал этилганлигини яъни қарздор И.Сайдориповдан 59 млн. сўм маблағ олганлиги сабабли ушбу келишув битимини тасдиқлади.

Агробанк АТБ Марҳамат туман филиалида М.Сайдорипова номига омонат ҳисоб рақами очилиб, М.Сайдорипова олган пулини туманда қурилаётган имтиёзли хонадонлардан олиш учун омонатга топширди. Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, эр-хотин ўртасидаги илиқ муносабат, фарзандларнинг кўзига қувонч, меҳр ёшларини келтирди. Жамоатчилик ҳаракатлари, фарзандларнинг кўзларидаги қувонч ёшлари сабабли ажрим ёқасига келиб қолган яна бир оила тикланиш арафасида турибди. Оила тикланиши учун эр-хотин бир оз вақт кераклигини айтишиб, ҳар қандай вазиятда фарзандлар бахти камоли учун баробар жавобгар эканликларини таъкидладилар. Доно халқимизда эса, бир гап бор, қўшнинг ҳам ини бузилмасин.






