2020 йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор мажлисининг 3-сонли баёнига мувофиқ, Қарши шаҳрида "Саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси" ҳамда "Нефтгаз кооперация форуми" ўтказилмоқда.
Мазкур кўргазма-форум Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбари Актам Хаитов, Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжон Файзибоев иштирок этишди.

Саноат кўргазмаси ва форумнинг дастлабки кунида 1000 дан зиёд иштирокчилар, шундан 50 дан ортиқ нефт ва газ саноати корхоналари, товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, илмий муассасалар ҳамда чет эл компаниялари ваколатхоналари иштирок этишди.






