АсосийЖАМИЯТ

Азиза Қурбонова: “Агар бугун  Меҳнат кодекси сўзсиз ишлаганида эркакларимизнинг кўпчилиги аёлининг ишлашига рухсат берар эди”

Тошкент шаҳридаги "Ёшлар пресс-клуби"да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 ташаббуси...

'Азиза Қурбонова: “Агар бугун  Меҳнат кодекси сўзсиз ишлаганида эркакларимизнинг кўпчилиги аёлининг ишлашига рухсат берар эди”'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги "Ёшлар пресс-клуби"да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 ташаббуси асосида Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилаётган “Модул5" лойиҳасининг 6-сони бўлиб ўтди. Унда ёшлар 5 нафар ўз соҳасининг лидерларидан муваффақиятга элтувчи йўллар ҳақида сабоқ олишди.

Мотивацион учрашувда Рустам Ашуров ўзининг илм-фан тўғрисидаги, Расул Кушербаев  депутатликнинг кўпчилик билмаган томонлари ҳақида, Руслан Нурудинов эса профессионал спортчи бўлгунига қадар босиб ўтган йўли хусусидаги фикрлари билан бўлишди. Азамат Жалолов ўзининг позитив муносабати билан ёшларни руҳлантира олган бўлса, Азиза Қурбонова ҳаётий мисоллар билан аёл бўлишнинг 10 та машаққатига тўхталди.

Аёл бўлиш БАХТ. Аммо бу бахтга эришиш учун машаққатларни енгиб ўтиш керак. Мен уларни шартли равишда 10 тага ажратдим. Бу ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Бу менинг фикри ожизимча, кузатишларим маҳсулидир, - дейди журналист ва блогер Азиза Қурбонова. – Аёлларимизнинг аксариятида танлов имконияти йўқ, деса ҳам бўлади. Қизлар кўпинча на қайси касб эгаси бўлишни, на қайси тўгаракка боришни, на қайси ҳунар ўрганишни, на кимга турмушни чиқишни ўзлари мустақил танлай оладилар. Улар ўқимоқчи бўлса, эрга тегиш кераклигини танлаб беришади. Улар эрга тегмоқчи бўлса, кимга турмушга чиқиши кераклигини танлаб беришади. Улар ишламоқчи бўлса, умр йўлдошлари унга ишни танлаб беради. Улар туғмоқчи бўлса ҳам ўғил бўлишини талаб қилишади. Ҳар тугул фарзанд ўғил-қиз бўлишини одамлар ҳал қилолмайди. Уларнинг танлови доим сўроқ остида. Хилма-хиллик йўқ, ё "мед"га ўқийди, ё "пед"га. Балки у зўр расм чизар, балки ундан яхши программист чиқар, балки яхши банкир бўлар? Буни кўп ота-оналар ўйлаб ҳам кўрмайдилар, ҳатто қизларнинг ўзлари ҳам қатъий туриб буни атрофидагиларга етказишга куч топа билмайдилар.

Блогер яна қизларнинг 4 та ялтироқ кўйлакка алданиб, 3 марта учрашиб, юзини кўрар-кўрмас, гапини эшитар-эшитмас келган совчилар орасидан ажратиб кўрсатилган бир инсонга турмушга чиқиб кетиши, қизлар ҳаётидаги муҳим масалаларни аввалига ота-оналари, сўнг ё турмуш ўртоғи ёки қайноналари кейин эса фарзандлари ҳал қилиши ҳақида куюниб гапирди. Улар танласалар ҳам доим иккисидан биттасини танлашлари кераклигини таъкидлар экан, у қуйидаги фикрлар билан аёллик машаққатларини очиб берди:

“Ҳа, шундай,  иккитасидан биттаси. Масалан, аёл ё оила, ё карерани танлашига тўғри келади. Нимага биласизми? Чунки иш берувчилар аёлда потенциал ўсувчи, социал лифтга чиқа оладиган ходимни кўрмайди. Кўп ҳолларда карера қилиш учун кечгача ишлаш керак, оилали аёл кўпинча бундай қилолмайди, эри рухсат бермайди, болаларини кўзи қиймайди ва у ўртамиёна ишчи бўлиб қолишга кўникади. Яна бўлмаса, ё оила, ёки иш. Ниҳоятда истеъдодли аёлларимиз бугун ўзлари истаган жойда ишлашга қурблари етса ҳам олдларига танлов қўйишганда иккисидан биттасини танлашларига тўғри келган. Агар бугун ишхоналаримизда Меҳнат кодекси сўзсиз ишлаганида эди, менимча ҳурматли эркакларимизнинг кўпчилиги аёлининг ишлашига рухсат берар эди. Оилани танлаганларни мен доим қўллаб-қувватлайман албатта. Улар келажакка сармоя тикадилар. Лекин буни улар рози бўлиб танлашлари керак.

Руҳан ўзидан қониқмаган аёл кўпинча асабий бўлиши, аламини болалар ва эрдан олиши, ишламагани учун иқтисодий мустақил бўлмаслиги, оилага ўзини қурбон қилинганини пеш қилиши кўп кузатилади. Ва бу ҳам ўзига яраша оилавий келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Яна бошқача танловлар ҳам бўлади. Аёлнинг оилага нисбатан ишончи поймол бўлди. Унга чидасанг шу, чидамасанг катта кўча дейишади. Унинг ҳар жиҳатдан қарамлигини билишади, болаларни битта ўзи эплолмаслигини рўкач қилишади. Аксарият ҳолларда аёл чидашни ва қолишни танлайди. Ва у бу танлов йўлида ҳар куни ўлиб яшайди".

Маълумот учун: Мазкур лойиҳа 2019 йилнинг сентябрь ойидан буён ўтказиб келинмоқда. Мотивацион платформа доирасида шу вақтга қадар спортчилар Шаҳрам Ғиёсов, Элшод Расулов, Сарвиноз Қурбонбоева, бошловчилар Жамшид Умирзоқов, Отабек Маҳкамов, Webster университети талабаси, "Чегарасиз" лойиҳаси қаҳрамони Хайрулло Руҳиддинов, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев ҳамда дзюдо бўйича Олимпиада ўйинлари совриндори Ришод Собиров, таниқли бизнес тренер Мурод Аъзамов, журналист Амирхон Умаров, Нуруддин Иминохунов, Сирожиддин Олимов ва телебошловчи Миршакар Файзуллоевлар иштирок этган.

    Бошқа янгиликлар