Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Mирзаев Қарши шаҳрида нишонланадиган Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари режаларини ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддилар ҳамрохлигида шаҳарни яна бир бор кўздан кечирди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати маълум қилди.


Дастлаб, Қарши шаҳрининг Mарказий истироҳат боғидаги Aмфитеатр билан танишган раҳбар томошагоҳни Наврўзнинг руҳи келиб турадиган этиб безатилиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, истироҳат боғи атрофини кенг кўламда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ҳамда масъулларга ўтказиладиган маданий-маънавий тадбирлар режасини кечиктирмай ишлаб чиқиш вазифалари топширилди.
Байрам шодиёналари нишонланиши режалаштирилган манзилларни автобусда юриб кўздан кечирган вилоят раҳбари йўл давомида мутасаддилар билан мулоқот қилди.
Шаҳар наврўз кунларида байрамнинг урф одатларини, қадриятларини ифода этадиган кўринишда бўлишини таъминлаш, кенг кўламли ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш, амалга оширилаётган ишларни атрофлича оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича топшириқларни берди.
Шу билан бирга, Зойир Mирзаев Қарши шаҳар ҳокимининг таклифи билан “Шуҳрат” қўрғони ҳудудини ҳам кўздан кечирди. Бу маскан номига монанд ҳолатга келтирилишини таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди. Айтиб ўтиш жоиз, раҳбар анча йиллар эътибор қаратилмаган қўрғон музейи билан танишиш чоғида мавжуд суръатлар ва стендларни бирма бир томоша қилди. Тасвирий санъатдан хабардор раҳбар қаровсиз музейда аҳамиятга молик стенд ва суръатлар борлигини таъкидлаб, музей ҳолатини яхшилаш ва таъмирлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилишига эътибор қаратди.







Эътироф этиш керак, раҳбар автобусда Қарши шаҳар ҳокими, бошқарма бошлиқлари ва мутахассислар билан юзма юз суҳбат қилиб, улардан таклифлар сўради, фикрларини тинглади, дўстона мулоқот давомида вилоят ҳокими бугунги берилган топшириқлар ижроси яна муҳокама қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, ана шундай ўзига хос анъана - очиқ суҳбат, фикрлар алмашинуви мутасаддиларга янада самарали, масъулиятли ишлашга туртки бўлиши билан аҳамияти юқоридир.






