Сирдарё вилояти Сардоба тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори З.Джаббаров ҳудудда хизмат олиб бораётган вақтида, ҳайдовчи Р.М. бошқарувидаги “Ласетти” русумли транспорт воситасини тўхтатганда ён олди ойналарини туси тегишли рухсатномасиз ўзгартирилганлиги аниқланди. Маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган. 24 февраль куни ҳайдовчи Р.М. туман ИИБ ЙҲХБ МА инспектори Ж.Холбўтаевга транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф этган.
Ходимнинг билдиргисига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи Р.М. туман ЙҲХБ МА инспектори Ж.Холбўтаевга 880 минг сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтида қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берди.
Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти Сардоба туман прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






