Бугун, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишди.
Президент Мурожаатномасида мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келган, бироқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси мақомини олмаган юртдошларимиз муаммосини қонунга мувофиқ ҳал этиш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўриш зарурлигини қайд этган эди. Бу 50 мингга яқин юртдошларимизнинг ҳаётидаги энг жиддий муаммо ҳисобланади.
Муҳокамада Қонуннинг амалдаги таҳрири 28 йил аввал қабул қилингани (1992 йил) ва унинг деярли барча нормалари эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйгани таъкидланди.

Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун 10 боб, 58 моддадан иборат. Унда 1995 йил 1 январгача Ўзбекистонга кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, хорижий давлат фуқаролигини олмаган, ушбу Қонун кучга киргунга қадар Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида истиқомат қилган шахс истак билдирган тақдирда ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиниши мустаҳкамлаб қўйилди.
Маълумотларга кўра, 1991 йилдан 2020 йилнинг февралигача 11 минг 647 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Уларнинг 96 фоизга яқини 2017 йил декабрдан жорий йил февралигача Ўзбекистон фуқароси бўлди.
Муҳокамада сўз олган сенатор Маҳмуд Тоир берган маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролигини олишни кутаётган шахслар Тошкент вилоятида 8 575 тани ташкил этади.
Давлат тилини билиши шартми?
Янги Қонуннинг 19-моддасида Ўзбекистон фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишда давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиш талаби киритилган. Бу бўйича сенатор Гулистон Аннақличева Ички ишлар вазирлиги вакилига “бу талабни киритиш қанчалик тўғри, бунда хориж тажрибаси ўрганилдими?” дея савол берди.
Улуғбек Муҳаммедов, ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи:
— Давлат тилини мулоқот даражасида билиш бўйича талабни киритишдан олдин хорижий тажриба Ишчи гуруҳ ва мутахассислар томонидан ўрганилди (АҚШ, Россия ва бошқа). Шунда уларда давлат тилини билишдан ташқари, шу мамлакатнинг тарихини билиш талаби ҳам борлигини аниқладик. Биз бу жиҳатни инобатга олмадик. Ўзбекистон фуқаролигини олмоқчи бўлганларнинг давлат тилини билиши бу уларнинг миллатимиз, мамлакатимизга ҳурмат белгисини ҳам ифодалайди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, янги таҳрирдаги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Муниса Алиева, "Даракчи" мухбири






