1

Кино локациялари тарғиботи ортидан Ўзбекистонга 5-6 миллион доллар кириши кутилмоқда

МАДАНИЯТ 01.03.2020, 15:22
Кино локациялари тарғиботи ортидан Ўзбекистонга 5-6 миллион доллар кириши кутилмоқда

Германияда бўлиб ўтган нуфузли “Berlinale” кинофестивали доирасида Ўзбекистон Миллий кино комиссияси Буюк Британия, Швеция, Франция, Болтиқбўйи мамлакатлари каби қатор мамлакатлар компаниялари билан аниқ келишувларга эришди. 

Ушбу келишувлар асосида 2020-2021 йилларда Ўзбекистонга кино локациялари тарғиботи ортидан 5-6 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад кириши кутилмоқда.   

Ўзбекистон Миллий кино комиссияси Президентнинг туризм соҳасини жадал ривожлантиришга доир фармони ижроси доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси қўллаб-қувватлаши остида “Berlinale” кинофестивали доирасида “European Film Market” тадбирида иштирок этмоқда. 

Мазкур кинофестивалда 110дан ортиқ мамлакатлардан 200 стенд намойиш этилган бўлиб, унга 20 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрди. “Халқаро кинобозорда Миллий кино комиссияси ҳамда хорижий кинокомпаниялар ва халқаро медиа-ташкилотлар ўртасида икки томонлама учрашувлар ўтказилди. 

Манфаатдор томонлар билан ўтган учрашув ва музокаралар натижасида Европа кинокомпаниялари вакиллари локация танлаш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриш ва бу ерда тасвирга олиш имкониятларини ўрганишни режалаштиришмоқда”, - дейди Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси раиси Мухлиса Азизова.   

Жумладан, кинокомиссия “Focus Location Guide” Лондон халқаро кино локациялари кўргазмаси бош менежери Жан-Фредрик билан шартнома имзолади ва шу йилнинг октябрь ойида Ҳолливуд ва Буюк Британия локейшн-менежерлари Ўзбекистонга келишади.   

Ўзбекистонда кино тасвирга олишга қизиқиш билдирганлардан яна бири Швеция кино режиссёри ва “Smartfilm” кино ишлаб чиқариш компанияси продюсери Туа Бродерик бўлиб, у мамлакатимиз ҳудудида 3 миллион АҚШ долларига баҳоланувчи кино лойиҳасини суратга олишни режалаштирмоқда ва яқин орада Ўзбекистонга скаутинг-тур уюштиради. 

Грециялик продюсер Колин Понс Буюк Ипак йўли ҳақидаги йирик ҳужжатли фильм доирасида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида тасвирга олиш ишларини йўлга қўяди. “Star Media” халқаро холдинг раҳбарияти билан мамлакатимиз ҳудудида “Султана” номли фильмни суратга олишга оид кечган музокаралар эса иккинчи босқичга ўтди.   

Шунингдек, Болтиқбўйи мамлакатлари вакиллари ҳам Ўзбекистоннинг кино локацияларига катта қизиқиш билдиришди. Хусусан, латвиялик режиссер Рамунас Скикас мамлакатимизда кино тасвирга олишнинг устувор жиҳатларини юқори баҳолаб, Сурхондарё вилоятида фантастик жангари фильмни тасвирга олишни мақсад қилди.   Энг самарали кечган учрашувлардан бири нуфузли, бутун жаҳон киносаноатини қамраб олган “KFTW” онлайн платформаси (Буюк Британия) вакиллари билан бўлиб, улар келгуси нашрларида маҳаллий кино локацияларимиз ҳамда тарихий объектларимиз ҳақида маълумотлар ва уларнинг суратлари билан бўлишишларини маълум қилишди.   

Шуниси диққатга сазоворки, Миллий кинокомиссия томонидан Лаура Ергалиева билан ўтказилган музокаралар натижасида Ўзбекистон “Еtalents.pro” халқаро кино базасига қўшиладиган бўлди. Бу бизнинг актерларимиз ва локацияларимизни халқаро майдонда тарғиб қилиш имконини беради. Ҳиндистон Ахборот ва телерадиоэшиттиришлар вазирлиги вакиллари билан кечган учрашувда Ўзбекистон Гоада бўлиб ўтадиган “Film Bazaar” фестивалига таклиф қилинди. У ерда мамлакатимиз учун миллий стенд ва ҳиндистонлик кино компанияларини Ўзбекистонга жалб этишга доир тақдимотлар ташкил қилинади.   

Бундан ташқари, Берлиндаги кинофестиваль давомида Франция, Буюк Британия ва Ҳиндистоннинг кинокомпаниялари вакиллари билан Ўзбекистон ҳудудида юқори бюджетли кино лойиҳаларини суратга олишга оид музокаралар ўтказилиб, улар ҳақида тез кунларда батафсил маълумотлар тақдим этилади.   Берлиндаги учрашув ва музокаралар натижасида юқоридаги лойиҳалар ортидан 2020-2021 йилларда мамлакатга 5-6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ кириши кутилмоқда.   Таъкидлаш жоизки, “Berlinale” кинофестивалида миллий стендга Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Набижон Қосимов ташриф буюриб, мамлакатимизда тасвирга олиш ишларини йўлга қўйишга оид ҳамкорлик ўрнатиш учун хорижий кинокомпанияларни жалб қилишга йўналтирилган стратегия муҳокама қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1