Бугунги кунда Украинада кўплаб юртдошларимиз меҳнат қилиб, таълим олмоқда. Хусусан, андижонлик меҳнат мигранти Ҳ.Солиев ҳам ушбу мамлакатда ишламоқда.
– Бу ерда ички пардозлаш ишларини бажарамиз – сувоқ, гул қоғоз, гипсокартон, кафель ва бошқалар, – дейди у.
Меҳнат мигрантларини қийнайдиган асосий муаммолардан бири – иш ҳақини ўз вақтида олиш. Унинг сўзларига кўра, Украинада иш берувчиларнинг бирор марта алдаб, пулини бермаган ёки кечиктириб юборган ҳолатлар бўлмаган.
– Украинада 3 ойгача ҳеч қандай рухсатнома ёки патент олмасдан ишлаш мумкин. Агар бу муддат ўтиб кетса ҳам, кўчаларда полиция тўхтатиб, ҳужжат текшириб ёки ишлаётган жойимизга қўққисдан бостириб келган ҳолатлар бўлмаган. Кўча-кўйда юришимизда ҳам ҳеч қанақа муаммо йўқ. Худди ватандагидек бемалол юрамиз, – дейди Ҳ.Солиев.






