1

Барча турдаги ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлайдиган қурилма имконияти намойиш этилди

ЖАМИЯТ 02.03.2020, 16:09
Барча турдаги ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлайдиган қурилма имконияти намойиш этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, тизимдаги айрим камчиликлар мавжудлиги ҳамда ходимларнинг малакасини ошириш ва мақсадли тайёрлаш тизимини ташкил этиш зарурияти таъкидланди.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш кўп жиҳатдан хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини соҳа ходимларига етказиш ҳамда амалий фаолиятга тадбиқ этиш билан узвий боғлиқ. Айниқса, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш жараёнида соҳа ходимлари томонидан замонавий техника воситаларидан фойдаланишлари муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда жорий йил 25-27 февраль кунлари Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида вазирликнинг Бош эксперт-криминалистика маркази билан ҳамкорликда Беларусь Республикасининг “Регула” компанияси етакчи мутахассиси А.Л. Макаревич иштирокида эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари учун семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингда эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари учун “Регула” 4305DMH русумли видеоспектрал компоратори қурилмасидан фойдаланиб, барча турдаги ҳужжатлар, пул, қимматбаҳо қоғозлар ва бошқа ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини текшириш юзасидан зарур билимлар берилди.

Сир эмаски, бугунги кунда ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда шу йўл билан турли жиноятларни содир этиш нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун дунёда энг кўп содир этиладиган жиноятлар сирасига киритилган.

Мазкур қурилманинг афзаллиги шундан иборатки, экспертизага тақдим этиладиган барча турдаги ҳужжатлар, жумладан, хорижий давлатларнинг паспортлари, шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, транспорт воситалари ҳужжатлари, банкноталар, акциз ва махсус маркалар ҳамда пул купюралари ва бошқа қимматли қоғозларнинг намуналари унинг хотирасига юклатилган бўлиб, эндиликда бу каби экспертизани ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ҳақиқий намуналарини қидириш зарурати мавжуд эмас. 

Бу эса, терговга қадар текширув ва дастлабки тергов давомида муаммоли ҳолатларга аниқлик киритиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга самарали хизмат қилади.

Шу билан бирга, мазкур қурилма имкониятларидан фойдаланган ҳолда коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов жараёнида ҳужжатларни ўрганиш ва улар юзасидан сифатли тадқиқотларни ўтказиш мумкин. Бу эса, ўз навбатида жиноят ҳақиқати ва адолатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Бундан ташқари, мазкур қурилманинг имкониятларидан чегара ва миграция хизматлари, божхона органлари, суд-экспертлик ташкилотлари, банк муассасалари томонидан ҳам хизмат фаолиятида фойдаланиш мумкин.

Ташкил этилган мазкур семинар-тренинг жараёнида ҳужжатларнинг техник экспертизасига оид турли муаммоли вазиятларни бартараф этишда “Регула» 4305DMH русумли видеоспектрал компоратори қурилмасининг имкониятлари батафсил тушунтирилди ва намойиш қилинди.

Ўтказилган семинар-тренинг якунида барча иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилди. 

 

Акмал Бобоев, подполковник

 Ўзбекистон республикаси ИИВ Малака ошириш институти кафедраси бошлиғи.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1