1

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Умумтаълим муассасаларида санитария-гигиена ва эпидемияга қарши чоралар кучайтирилади

ЖАМИЯТ 02.03.2020, 16:39
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Умумтаълим муассасаларида санитария-гигиена ва эпидемияга қарши чоралар кучайтирилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатимиз ҳудудига коронавирус инфекциясини кириб келишини олдини олиш мақсадида қатор вазирлик, қўмита ва агентликлар билан ҳамкорлик қилиб, ушбу муассасалар тасарруфидаги идора ходимларини дунёдаги бугунги қалтис эпидемик вазиятдан огоҳ этиб, профилактик тадбирларни кучайтириш, шахсий гигиенага қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Куни кеча вазирлик юртимиздаги мавжуд 9950 га яқин  умумтаълим муассасасида тегишли санитария чораларни амалга ошириш орқали ходимлар ва ўқувчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги билан қўшма қарор қабул қилди. 

Унга кўра, юртимиздаги барча таълим муассасаларида профилактика чоралари ва назоратини кучайтириш, ушбу масалада огоҳликни ошириш, ўқитувчи ва ўқувчиларни шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиниши, масъуллар иштирокида эрталабки фильтрни ташкил этиш, мактабга келмаган ходим ва ўқувчиларнинг аҳволидан хабар олиш, ўткир респиратор касаллик белгилари аниқланган ўқувчиларни зудлик билан ота-онаси ва ҳудудий оилавий поликлиникага хабар бериш каби қатор вазифалар аниқ белгилаб берилди. 

Шунингдек, ушбу ҳужжатда дунёдаги эпидемик вазият барқарорлашгунга қадар халқаро ва оммавий тадбирлар ҳамда спорт мусобақаларини зарурат бўлмаса ўтказмаслик, айниқса, чет эл фуқаролари ва хориж давлатларида бўлиб келганларнинг таълим муассасаларига ишга, уларнинг фарзандларини эса  вақтинча карантин даврида ўрта мактабга қабул қилмаслик чораларини қатъий кўриш билан боғлиқ вазифалар ҳам акс этган. 

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар, жумладан, таълим муассасаларида тозалик 

ва дезинфекция тадбирларини кучайтириш, ўқувчиларнинг қўлларини тез-тез совун билан ювиш, акса урганда албатта тирсак билан ёпиш ва бошқа гигиена қоидалари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳар танаффус вақтида синфхоналарни шамоллатиш, муассасаларда кундалик тозалов ишларида дезинфекция воситаларидан доимий фойдаланиш  чораларини кўриш каби профилактик тадбирларни қатъий амалга ошириш кўрсатиб ўтилди.

 Умумтаълим муассасаларида санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва дезинфекция тадбирларини бажарилиши бўйича ҳар бир таълим муассасанинг раҳбари шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жаҳонда коронавирус билан боғлиқ эпидемия суръати ҳар соатда тез ўсиб бораётганлигини ҳисобга олиб, мамлакатимиз билан Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Япония, Италия, Афғонистон каби қатор давлатларга парвозлар чекланиб, вақтинча тўхтатилганлиги айни муддао бўлди, деб ҳисоблайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1