Аввал хабар қилинганидек, бугун ижтимоий тармоқларда Миришкор тумани ҳокимининг овози акс этган аудио тарқалди. Ундаги ҳақоратлар маҳалла раисларига аталгани айтилган мазкур овоз Миришкор тумани ҳокимига тегишли эканлиги Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан расман тасдиқланди. Айни пайтда эса Бош прокуратура ушбу масалага эътибор қаратди.
Келтирилишича, Қашқадарё вилояти прокуратураси органлари томонидан Интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда 2020 йил 02 март куни Миришкор тумани ҳокими Б.Раджабовга мансублиги таъкидланиб, тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда.
Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади.






