АсосийJamiyat

Наманганда дарсда парфюмерия маҳсулотлари сотган ўқитувчи ишдан ҳайдалди. У вилоятларда “дефицит” бўлган инглиз тили ўқитувчиси эди

'Наманганда дарсда парфюмерия маҳсулотлари сотган ўқитувчи ишдан ҳайдалди. У вилоятларда “дефицит” бўлган инглиз тили ўқитувчиси эди'ning rasmi

Сал аввал Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирида дарс бошланиши арафасида парфюмерия маҳсулотлари савдоси билан шуғулланилганлик ҳолати бўлгани ва бу бўйича ўрганиш кетаётгани ҳақида хабар қилган эдик. 

Айни пайтда Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолатга аниқлик киритиш ва вазият қайси мактабда бўлганлигини ўрганган ҳолда хулоса қилиш учун Наманган шаҳар халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳи томонидан аниқланишича, мазкур ҳолат шаҳардаги 18-умумий ўрта таълим мактабида бўлганлиги аниқланиб, ушбу илм масканида ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилди. Маълум бўлишича, 18-умумий ўрта таълим мактаби 10-Б синфида инглиз тили дарси пайтида ушбу фан ўқитувчиси М. Шарипова дарс ташкил этмасдан, ўқувчи-қизлар билан ҳар хил мавзуда гаплашиб, гап орасида савдо сотиқ билан шуғулланиши тўғрисида ҳам ўқувчи-қизлар билан суҳбатлашган. Ушбу ҳолат синфдаги ўқувчилардан бири томонидан видео тасвирга олиниб, бошқа бир синфдошининг уяли алоқа воситаси орқали видеолавҳа ижтимоий тармоққа жўнатилади. 

Ўрганиш натижаларига кўра, мазкур масала юзасидан тезкор йиғилиш ўтказилиб, унда келгусида бундай ҳолат қайта такрорланмаслиги, мактабда мобиль телефонлардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш, дарс пайтида ўқитувчининг ҳам, ўқувчининг ҳам бутун диққати ўтилаётган мавзуда бўлиши зарурлигига эътибор қаратилди. Ўқитувчилардан дарсларни сифатли ўтиш, ўз навбатида, ўқувчилардан интизомли, маънавиятли бўлиш талаб қилинди.

Ўрганиш якуни бўйича инглиз тили фани ўқитувчиси М. Шарипова ишда йўл қўйган камчиликлари учун у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Мактаб раҳбарларига ўқитувчи ва ўқувчилар устидан етарлича назорат олиб бормаганликлари учун интизомий жазо “Хайфсан” берилди.

 

    Бошқа янгиликлар