1

Сурия ва Ироқдан қайтарилганларни жамиятга мослаштириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ўрганилади

ЖАМИЯТ 03.03.2020, 10:24
Сурия ва Ироқдан қайтарилганларни жамиятга мослаштириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ўрганилади

Бугун, 3 март куни Тошкентда «Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади.  Тадбирда ўз мухбиримиз иштирок этмоқда.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази ҳамда қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур тадбир диний экстремистик ташкилотлар сафларидан қайтган шахсларни тинч яшаш шароитларига мослаштириш бўйича мамлакатимиз тажрибасини ўрганишга қаратилган. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг вазирлик, идора ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Ўзбекистондаги халқаро ташкилот ва дипломатик корпус ходимлари ва хорижий экспертлар иштирок этмоқда.

Экспертлар сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан бундай фуқароларнинг тўлиқ ҳаётга қайтишлари учун шароит яратишга қаратилган қатор чоралар кўрилганини таъкидлашди. Жумладан, 2017 йил радикал эътиқодларининг хатоларини англаган ва давлат учун хавф туғдирмайдиган радикал ҳаракатлар тарафдорларининг «қора рўйхати» қайта кўриб чиқилди. 2018 йилда 4 мингдан зиёд қамоқда жазо ўтаётган диний экстремистик ҳаракатларга алоқадор, қилган ишидан пушаймон шахслар авф этилди. 2019 йилда эса «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» инсонпарварлик операциялари доирасида 261 нафар аёллар ҳамда болалар Яқин Шарқ мамлакатларидаги уруш ўчоқларидан қайтарилди.

Бундай кишиларга ўз вақтида тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича давлат даражасида амалий чора-тадбирлар кўрилгани, ҳозирда улар учун  жамиятга интеграциялашув, таълим, уй-жой, бандлик каби шароитлар яратилгани қайд этилди.

Конференциянинг амалий қисми сифатида 4 март куни қайтиб келганларни жамиятга мослаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига ташриф уюштирилади. Мақсад - бу борада Ўзбекистон тажрибасини минтақавий ва халқаро ҳамжамиятга етказиш, шунингдек, Марказий Осиё ҳамда қўшни мамлакатларда ушбу тажрибадан фойдаланиш учун самарали таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1